Амир Темур, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағай ибн Амир Барқул) (1336 йил 9 апрель куни Шаҳрисабз, Кеш шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғИ (ҳозирги Яккабоғ тумани)да туғилган ва 1405 йил 18 февралда Хитойга юриши чоғида Ўтрор шаҳрида вафот этган.
Амир Темур ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси ҳисобланади.
Амир Темурнинг онаси Такина хотун бухоролик. Отаси амир Тарағай эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган.
Соҳибқирон Амир Темур вафоти арафасида авлодларининг сони қанча эди?
Марҳум Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғил авлодларидан у вафот этган пайтда ўттиз олти нафари ҳаёт бўлиб, шундан катта ўғил амирзода Жаҳонгир (1356-1376) наслидан ўн бир ўғил мавжуд эди.
Улар қуйидагилардир:
Марҳум Муҳаммад Султон ибн Жаҳонгир(Жаҳонгирнинг тўнғич ўғли; 1375-1403)дан уч ўғил қолган эди. Муҳаммад Жаҳонгир тўққиз ёшли, Яҳё беш ёшли, Саъд Ваққос (бу неварани Марсел Брион “Менкин, Соҳибқирон Амир Темур” асарида Темурнинг бешинчи ўғли деб, чалкашликка йўл қўйган. – А.З.) олти яшар бўлган. Жаҳонгирнинг иккинчи ўғли амирзода Пир Муҳаммад ибн Жаҳонгир (1376-1407) етти бола билан, йигирма тўққиз ёш бўлиб, Кобул ва Ғазна салтанати унга суюрғол қилиб берилган эди. Унинг ўғиллари – Қайду тўққиз ёшда, Холид этти ёшда, Бузанжир, Саъд Ваққос, Санжар, Жаҳонгир, Бузруклардир.
Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Баҳодир (1356-1394) наслидан тўққиз ўғил ва неваралар ҳаёт эдилар. Пир Муҳаммад ибн Умаршайх бир ўғил билан йигирма олти ёшда, Умаршайх ибн Пир Муҳаммад етти ёшда, Рустам ибн Умаршайх йигирма тўрт ёшда (икки ўғил билан – Усмон олти ёшда), Султонали бир ёшда, Искандар ибн Умаршайх йигирма бир ёшда, Аҳмад ибн Умаршайх ўн саккиз ёшда, Сайди Аҳмад ибн Умаршайх ўн беш ёшда, Бойқаро ибн Умаршайх ўн икки ёшда эди.
Темурнинг учинчи ўғли, ўттиз саккиз ёшли шаҳзода Мироншоҳ мирзо (1366-1408)нинг этти ўғил ва набиралари бор эди. Катта ўғил Абу Бакр йигирма уч ёшида бўлиб, унинг икки ўғли – Илангир тўққиз ёшда, Усмон Чалабий тўрт ёшда эди. Иккинчи ўғли Умар ибн Мироншоҳ йигирма икки ёшда, учинчиси ва Темурдан кейин Мовароуннаҳр тахтиша даъво қилган Халил Султон (Темурнинг севимли невараси ва вориси бўлган Пир Муҳаммад мирзо билан амакивачча, шу билан бирга, бир онанинг фанзандлари эди; бу ҳақда бошқа бир мақолада тўхталамиз. – А.З.) йигирма икки ёшда, Ижал ўн ёшда, Суюрғатмиш олти ёшда эди.
Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзо (1377-1447) йигирма ёшдан ошган бўлиб, унга Хуросон мулк қилиб берилган эди. Унинг этти ўғли бўлиб, Мирзо Улуғбек ва Иброҳим Султон (1394 йил туғилган) ҳар иккаласи ўн бир ёшда. Аммо Улуғбек Иброҳим Султондан беш ойлик каттароқ эди. Бойсунқур саккиз ёшда, Суюрғатмиш олти ёшда, Муҳаммад Жўкий уч ёшда, Жон ўғлон икки ёшда, Ярди бир ёшда эдилар.
Соҳибқирон Темурнинг вафоти арафасида қизлари ва невара-қизларидан ўн этти нафари мавжуд эди. Унинг катта қизи Султон Бахт Бегим бўлиб, у таниқли ва садоқатли амирлардан бири Амир Сулаймоншоҳ никоҳида яшар эди. Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Баҳодирдан уч нафар дилбар қиз қолган эди. Тўнғич невара Муҳаммад Султон ибн Жаҳонгирдан уч қиз, Мироншоҳ Мирзодан тўртта қиз ҳаёт эди. Шоҳрух Мирзода битта, Пир Муҳаммад ибн Жаҳонгир Мирзо, Абу Бакр Мирзо ва Халил Султон Мирзонинг ҳар бирида биттадан қиз фарзанд бор эди. Темурнинг иккинчи қизи Оқа Бегим таниқли амирлардан Муҳаммадбек ибн Амир Мусо никоҳида эди. Оқа Бегимдан амирзода Султон Ҳусайн (Бу Ҳусайн Бойқаро эмас) дунёга келган эди.
Амир Темур ўгитлари:
Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур.
Ишбилармон мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши мингминглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир.
Ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплигидан, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмокдик Тангрининг мадади ва бандасининг тадбири биландир.
Гарчи ишнинг қандай якунланиши такдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир.
Агар икки хатарлик ёки бир хатарлик ишни қилишга тўғри келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарини ихтиёр этмоқ керак.
Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўй.
Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин.
Яхшиларга — яхшилик қилдим, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим.
Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келгудек бўлса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги яна-да ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди.
Менда бирон кимсанинг ҳақи бўлса, ҳақини ҳеч вақт унутмадим. Бирон кимса билан танишган бўлсам, уни ҳеч вақт назаримдан қолдирмадим.
Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим.
Шароф Рашидов тумани 3-сонли ДМТТ ташкилоти тарбиячиси Шоира Мўминова тайёрлади.