Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг ижроси юзасидан юртимизда қатор ҳайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги йил арафасида ўз уйларига эга бўлган 30 нафар ёш йигит-қизнинг қувончлари чексиз бўлди.
Менга “Тошлоқ” МФЙ, Отчопар массивида жойлашган кўп қаватли уйдан хонадон берилди, — деди Севинч Ҳамраева. — Юртбошимиз томонидан оталарча кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан қанчалик суюнганимни тасвирлаш қийин. Айни дамда қалбимга муҳрланаётган ушбу сўзларни баралла айтгим келаяпти, бир умр Ватанимга садоқатли фарзанд бўлиб яшайман, ҳаётимнинг ҳар лаҳзасини халқимга муносиб хизмат қилишга бағишлайман!
Ғаллаорол тумани Маржонбулоқ шаҳарчасида жойлашган кўп қаватли уйдаги 125 миллион сўмлик икки хонали уйни калитини қўлимга беришганида жуда хурсанд бўлдим, — деди Шохрух Ғозибоев. — Бу уй юртимиз ичра ўзимники бўлган мустақил кичик ватандир. Билагимда кучим, юрагимда ғурурим билан жамиятимиз ривожи учун меҳнат қилишни ният қилганман. Шундагина инсонийлик қуёши нур сочиб тургувчи она диёримда юзи ёруғ ўғлон бўламан.
Давлатимиз раҳбари томонидан Янги йил олди совғаси сифатида тақдим этилаётган хонадонлар вилоятимизда 30 нафар уй-жойга эҳтиёжманд ёшларни орзусини амалга оширди, — деди вилоят ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири Дилбар Пардаева. — Энди улар мақсадлари йўлида ўз устида ишлаб, маълум соҳада ривожланиши, фаравон ва ибратли турмуш шароитига эга бўлиш имкониятига эгадирлар.
Гулчеҳра ХИДИРОВА.