ТИЛГА ЭЪТИБОР – ЭЛГА ЭЪТИБОР

Ҳадемай ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз олти йиллиги кенг нишонланади. Ўтган қисқа давр мобайнида она тилимизнинг расмий мақомини мустаҳқамлаш, унинг мавқеини ва имкониятларини кенгайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Аввало, она тилимизни маънавий-маданий мерос, умуммиллий бойлик, олий қадрият сифатида эъзозлаш, уни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, миллий руҳ, имкониятлар асосида ўрганиш, тадқиқ этиш учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилди.

1989 йилнинг 21 октябрида «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинди ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу ўша давр учун жуда катта тарихий аҳамиятга эга бўлган унутилмас воқеа эди. Чунки собиқ тузум даврида бошидан жуда кўп зулм ва адолатсизликларни ўтказган жафокаш халқимизнинг озод, эркин бўлишига, ўз истиқлолини, мустақиллигини қўлга киритишига ҳали яна икки йил бор эди. Ўша пайтда бундай қонуннинг қабул қилиниши мустақиллик сари кўйилган илк дадил қадам бўлди.

Ушбу қонун ўзбек тилини тор оила доирасида фойдаланиладиган иккинчи даражали тилга айланиб қолишидан асради. Уни олий даражадаги давлат анжуманларида кўлланиладиган, Ўзбекистон Республикасининг расмий ҳужжатлари юритиладиган, ривожланиш истиқболи қонун билан белгилаб кўйилган тилга айлантирди. Ушбу кун аждодларимизнинг азалий орзу-умидлари рўёбга чиқди. Бу келажак авлоднинг порлоқ истиқболи, жонажон Ватанимизнинг равнақи учун қилинган буюк иш бўлиб, Юртбошимиз ва халқимиз фидойилигининг бир намунасидир. Ҳозир мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган йирик анжуманларда, спорт мусобақаларида бизга таниш, қадрдон бўлган она тилимизда маърузалар ўқилмоқда, Давлатимиз мадҳияси янграмоқда. Буларнинг ҳаммаси барчамизнинг қалбимизни чуқур ифтихор ва ғурурга тўлдиради.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, албатта, она тилимиз давлат тили мақомига эга бўлиб, олий даражадаги давлат анжуманларида, йиғилишларда, расмий ҳужжатларни юритишда фойдаланиладиган тилга айланди. Йилдан йилга мустақиллигимиз мустаҳкамланиб, юртимиз жадал суръатларда ривожланиши баробарида она тилимизнинг ҳам мавқеи мустаҳкамланиб, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори ошиб бораётгани ҳаммамизнинг қалбимизни фахру ифтихорга тўлдиради. Бундай ҳис-туйғуларимиз янада юксак бўлиши учун гўзал ва сержило она тилимизни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз, юқорида қайд этилган айрим нуқсонларни эса ўз вақтида бартараф этишга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Бу бизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Зеро, мамлакатимиз Президенти тилнинг инсон камолотида, маънавиятнинг юксалишида, дунёқарашнинг кенгайишида бениҳоя катта аҳамиятга эга эканлигига алоҳида урғу бериб, таъкидлаганидек «…ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий бойлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир».

Жасур ЮСУПОВ,

Каттақўрғон туманлараро  иктисодий суди раиси.

Муродилла ТОҒАЕВ,

Каттақўрғон туманлараро  иктисодий суди судьяси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *