УСТОЗЛАР ВА ШОГИРДЛАР

Устоз шогирд танламайди – шогирд устоз танлайди. Сенга бир ҳарфни ўргатган, бир касбга қизиқтирган, ўша касбнинг сир-асрорларини ўргатган, ҳаёт йўлингда йўналиш бериб, атрофдагилар орасида ҳурмат ва иззат қозонишингга сабабчи бўлган ҳар бир инсон – сенинг устозингдир.

Шукрки, мен фахр билан тилга оладиган устозларим кўп. Мактабда – Ғани Мустафоқулов, Ҳулкар Тўйчиева, Маҳфират Миролимова, Холбуви Бегбоева, Худойберди Очилов, институтда – Олимжон Жўраев, Усмонжон Қосимов, Турсунқул Алмаматов, Баҳодир Файзуллаев, Ҳаким Ўроқов, Зиёда Узоқова, журналистикада – Салоҳиддин Сафаров, Илҳом Носиров, Ҳаким Тилабов, Ҳусан Эрматов, Дармон Ибрагимов, Худойберди Каримов, Баҳром Мирзо, Абдужалол Қаюмов… бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аксариятлари энди орамизда йўқ, лекин номлари қалбимда, хотирамда муҳрланган.

Аслида эса, менинг биринчи устозим – отам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, драматург ва публицист Иброҳим Дониш (Аллоҳ раҳматига олсин). У кишининг меҳнати, таълими ва ибратли ҳаёти мен учун дастуриламал бўлган.

Мен ҳар доим устозларимга ҳавас қилиб яшайман, улардек бўлишга интиламан, ҳаракат қиламан.

Шогирдлар ҳақида эса фикр билдириш бироз қийин экан. Чунки кимни шогирдим десанг, балки у тан олмас. Йигирма йилдан ортиқ фаолиятим телерадио соҳаси билан боғлиқ бўлди. Бу йиллар давомида кўплаб иқтидор эгалари билан ишладим. Кимнидир бу соҳага қизиқишига сабабчи бўлдим, кимгадир илҳом бердим, руҳий қувват бағишлашга ҳаракат қилдим.

Азизалар, Нилуфарлар, Сарвинозлар… Дилшод, Жамшид, Бахтиёр, Фозил, Нуриддин, Зайниддин… Мени “устоз” деб эътироф этган ҳар бир шогирдимни самимий яхши кўраман. Уларнинг ҳар бирига Аллоҳдан узоқ умр, ижодларига барака тилайман. Қўлимга қалам олиб, бу сатрларни ёзишимга ҳам кўпроқ шогирдларимнинг садоқати, меҳри ва ҳурмати туртки бўлди.

2016 йилда иш фаолиятимни ўзгартиришга тўғри келди. Журналистикадан бутунлай бошқа соҳага ўтдим. Эсимда, ўшанда ёш истеъдод – Азиза Аҳадова йиғлаб, кетмаслигимни илтимос қилган эди. Орадан вақт ўтди. Бир куни бир иш билан собиқ ишхонамга бордим. Жамшид Соатов эса: “Мен сиз ўтирган курсинигизни эгаллай олмаяпман. Ҳатто шу хонага киришга ҳам журъатим етмаяпти. Сизни кутяпмиз, ўз жойингизга қайтинг…” деди.

Бир неча йил муқаддам телеграм орқали Сарвиноз Нарзиева байрам билан табриклаб, шундай ёзган эди: “Сизни шогирдларингиз жуда соғинган. Илтимос, ишга қайтинг. Бизни янги ғоялар сари унданг, руҳлантиринг.”

Бу сўзлардан сўнг бўғзимга нимадир тиқилиб қолгандек бўлди.

Кейин “Жиззах овози”да иш бошладим. Шаҳноза Мансурова, Сайёра Эргашева, Гавҳар Сайдуллаевалар билан ҳамжиҳат ишладик. Бир оғиз сўздан бир-биримизни тушуниб, катта мақсадлар сари ҳаракат қилдик. Баъзи режалар рўёбга чиқди, баъзилари – йўқ… Сўнгги йилларда жамоамизга Чўлпоной Аҳмедова каби истеъдодли ижодкор ҳам қўшилди. Кейин тақдир тақозоси билан иш жойим яна ўзгарди. Шунда Чўлпоной: “Устоз, сиз кетсангиз, мен ҳам ишлай олмайман…” деди.

Мен эса унга: “Инсон қаерда бўлмасин, эзгу ният билан ишласа, мақсадига етади”, деб тасалли бердим.

Бугун ўйлаб қолдим: демак, ҳаётда бежиз яшамабман. Яхшими, ёмонми  ҳаётда ўзимдан кичик бўлсада бир из қолдирибман. Аслида кимгадир керак бўлиб яшашдек бахт борми ўзи?

Мени ҳаётда ўз йўлимни топишимда кўмак берган Устозларимга, менга устозлик бахтини инъом этган азиз Шогирдларимга миннатдорлик билдираман.

Минг раҳмат СИЗЛАРГА!

Саид Донишев,

журналист

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *