Баъзан бир савол мени ўйлантиради: нега биз айрим ишларни қилиш учун алоҳида тадбир, топшириқ ёки назорат кутишимиз керак?
Кўчалар тозаланади, ариқлар чиқиндилардан халос этилади, дарахтлар экилади, маҳаллалар обод бўлади. Буларнинг барчаси, албатта, керак. Аммо мени бошқа бир савол қизиқтиради: шу ишлар якунлангач, орадан бир ой ўтиб ҳам қилинган ишлардан кейинги манзара сақланиб қоладими? Биз кўчаларни тозалашни ўрганяпмиз, аммо уларни ифлос қилмасликни-чи? Вилоятимиз мисолида ҳам бу савол долзарб. Вилоят ҳокимлигининг 2026 йил июль ойидаги расмий ахборотида айрим ҳудудларда ободонлаштириш, коммунал хизматлар ва чиқиндихоналар ҳолатида камчиликлар борлиги танқид қилинган. Демак, масала фақат тозалашда эмас, озодаликни доимий сақлашда ҳамдир. Бу борада Конституциямизнинг 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур экани белгиланган. Республикамиз Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги ПФ–206-сонли Фармони ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва озодаликни таъминлашга қаратилган вазифаларни белгилайди. Лекин масъулиятни фақат фуқароларнинг зиммасига юклаш ҳам тўғри эмас. Чиқинди ўз вақтида олиб кетилмаса, махсус қутилар етарли бўлмаса, аҳолидан фақат озодалик талаб қилиш билан натижага эришиб бўлмайди. Тартиб ҳам, хизмат сифати ҳам, фуқаролик маданияти ҳам бирдек муҳим.
Мени айнан шу мувозанат қизиқтиради: талаб бор жойда шароит борми? Шароит яратилган жойда эса ундан фойдаланиш маданияти борми?
Биз баъзан ободонлаштиришни натижа билан эмас, бажарилган ишлар билан ўлчаймиз. Тозаланган кўча — натижа. Аммо ўша кўчанинг яна ифлосланмаслиги — ҳақиқий мезон. Менимча, тараққиёт фақат янги бинолар, равон йўллар ёки кўркам хиёбонлар билан белгиланмайди. У инсоннинг умумий мулкка муносабатида ҳам намоён бўлади.
Мен тозаликни икки ойлик тадбир эмас, ҳар куни ўзимиздан талаб қиладиган одатга айлантириш тарафдориман. Бугун кўчани тозалашимиз мумкин. Эртага яна тозалашимиз ҳам мумкин. Аммо энг катта ютуқ — бир куни бу ишга бунчалик кўп куч сарфлашга эҳтиёж қолмаслигидир.
Ойша ИСАҚОВА.