ТЎЙИНГИЗГА КЕЛГАНЛАР ҚАНИ?

Бир оиланинг тўйида, томошасида бўлиб, ёзган дастурхонидан туз тотиш бу маросим соҳибларига қариндош, қўшни ёки касбдош сифатида яқинлигимизни ифода этади. Бироқ тинчи бузилган кунларида яқинлик оқибатига алоқамиз йўқдек жим бўлиб қоламиз. Гўёки, тўйга таклиф этилиш шунчаки бир одату бу вазиятда яқинларнинг ҳеч қандай масъулияти йўқдек. Мободо уч ой ўтиб, ё ўтмай ёшлар ажримни истаб қолиши мумкин бўлса ҳам майли… Шунда ҳам яқиндагина азиз меҳмони бўлган оиланинг бошига тушган ташвишдан жуда таъсирланиш ёки сиқилиш унчалик муҳим эмасдек… “Тақдир экан”, “кўнгилсиз экан”, “бир-бирини тушунмабди”…каби сўзлар ортига беркиниш даражасида пастлашамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда оилавий ажрим мавзусига тўхталиш ҳам бежиз эмасди, албатта. Зотан, бугун оила мустаҳкамлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳар бир фуқаронинг ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланиши давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланганига, барча соҳаю тизимларда кенг кўламли имкониятлар яратилаётганига қарамай жамиятда ортиб бораётган ажрим ҳолатлари барчамизни қалбан бедорликка ундаши лозим. Йиғилишда Республикамизда йил бошидан буён 32 мингга яқин оила ажрашиб кетганлиги, 16 минг ота-она алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётгани, оиласи ва болаларини кредит қарзлари билан ташлаб кетиш ҳолатлари учраётгани алоҳида айтиб ўтилди.   

Мазкур мавзу бўйича вилоятимиз миқёсидаги таҳлил натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, Янгиобод туманида 2024 йилда 19 та, 2025 йилнинг ҳозирги вақтига қадар 31 та оилавий ажрим рўйхатга олинганини кўрамиз. Шунингдек, Дўстлик туманида ҳам ўтган йилгига нисбатан 25 тага, Форишда 22 тага, Бахмалда 19 тага, Зоминда 11 тага ортганлигини билиш мумкин.

Ажримга ариза берган мурожаатчилар билан суҳбат жараёнида аксарият ёшларнинг оила қуришга тайёр бўлмаганликларига гувоҳ бўламиз. Шу ўринда мен ота-оналарга “Тўйингизга келганлар қани? Фарзандингиз оилани нима деб ўйлаётганини бирор ким сўраб кўрганмиди? Эркак ва аёлнинг моддий-маънавий масъулияти, бола олдидаги бурчлари ҳақида оила қуришдан олдин уқтириш учун жонкуярлик қилган яқинингиз борми?” дегим келади. Бир гул ёки кўчат экиб, ундириб, парваришлаб кўрмаган, ҳатто бир япроқнида униб ўсиши, ўз бандида етилиб сарғайгунига қадар қанча иссиқ-совуқга, шамолу ёмғирга дош беришини тушунмаган йигит ва қизга катта тўйу томоша қиламиз. Тантанали равишда кейинги йилларда фарзандлик бўлишини, бешик тўйлар қилишини ва комил инсонлар тарбиялашини тилаб қўямиз…               

Давлатимиз раҳбари бежизга оила қуриш бу — нафақат ўзи, балки турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги катта масъулият эканини ёшларга тушунтириш зарурлигини таъкидламади. Шундай экан, келажак авлод вакилларининг онгу шуурига оила илми, шарафли бурчларга йўғрилган урф-одатлари тушунчаларини никоҳ ёшига етгунларига қадар ҳам одоб билан сингдириб бориш барчамиз учун муҳим вазифа бўлиб қолади. Бу масалада яқинларимиз фарзандларининг тўйида иштирок этгандек, биргаликда, баҳамжиҳатликда тарбиячи эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Зеро Янги Ўзбекистонда никоҳдан ўтаётган ҳар бир янги оиланинг мустаҳкамлиги барқарор тараққиётнинг сўнмас зиёсига айлансин.     

Гулнора НОРМУРОДОВА,

вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва

 хотин–қизлар бошқармаси бошлиғи.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *