Китоб тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов Жиззахга ташриф буюриб, телерадио, босма нашрлар ва блогерлар фаолияти билан танишди. Шу муносабат билан “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталарининг 50 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Ҳаёт билан ҳамнафас” деб номланган китоб тақдимотига бағишлаб таҳририят биносида анжуман бўлиб ўтди.
Китоб тақдимотига бағишланган анжуманни “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари бош муҳаррири Баҳодир Назаров очиб, газеталарнинг 50 йиллик тарихи, унда ишлаган қаламкашлар ва бугунги кунда газеталар муассиси бўлган вилоят ҳокимлиги томонидан журналистларга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.
Анжуманда “Ҳаёт билан ҳамнафас” китобини тайёрлашга масъул бўлган гуруҳ раҳбари Асад Мустафоев китоб учун маълумотлар тўплаш, улар устида ишлаш, газетанинг 1-сонини чиқаришда иштирок этган журналистлар ва бугунги кунда фаолият кўрсатаётган қаламкашлар, китобни чоп этишга қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлаб берди.
— Китобни варақлаб, бу ерда катта куч, изланиш борлигини кўрдим. Ушбу китобда нафақат газеталар, балки вилоятнинг 50 йиллик тарихи мужассам эканлигига ишонч ҳосил қилдим, -деди Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов.
Анжуманда “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари бош муҳаррирининг ўринбосари Улуғбек Даминов китобнинг рус тилидаги нусхаси ҳақида сўзлаб берди.
Китоб тақдимотида “Янги Сирдарё” – “Новая Сырдарья” газеталари бош муҳаррири Баҳром Боймуродов бошчилигида Жиззахга келган бир гуруҳ қаламкашлар, вилоятимиз ОАВ вакиллари, блогерлар иштирок этишди. Уларга эсдалик совғаси сифатида “Ҳаёт билан ҳамнафас” китоби тарқатилди.

Телевидениенинг сирли оламига саёҳат
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили “Жиззах вилоят телерадио канали” давлат муассасаси бўлди. Вилоятда радио 1974 йилда, телеканал эса 1996 йилда ташкил этилган эди.
Жорий йилдан бошлаб, телерадио канал орқали миллиондан ошиқ томошабин ва радио тингловчиларга 56 номдаги эшиттиришлар 18 соат мобайнида ФМ-105.5 ҳамда ФМ 106,2 тўлқинларида узатилмоқда. Телекўрсатувлар вақти ҳам 18 соатга етказилди.
— Давлатимиз томонидан 80 млрд. сўм ажратилиб, янги студияларнинг ишга туширилиши, телерадио каналнинг энг замонавий техника воситалари, автомобиллар билан таъминлангани муваффақиятларимиз омили бўлди. Эндиликда муассасамиздаги 5та студия ёзиб олинаётган жараёнларни тўғридан тўғри эфирга бериш имкониятлари яратилди, -дейди “Жиззах вилоят телерадио канали” давлат муассасаси раҳбари Эркин Шерманов.

Айни пайтда тасвирга олиш учун юқорифатдаги техникалар, қуш парвози баландлигида тасвирга туширувчи учиш қурилмаси, сунъий интеллект ва махсус жиҳозлар асосидаги барча имкониятларга эга камералар телевидениеда намойиш этилаётган телемаҳсулотларнинг сифатли ва қизиқарли бўлишини таъминламоқда.

“Замонавий журналистика: ОАВнинг ривожланиш тенденциялари”
Пресс-тур иштирокчилари “Замонавий журналистика: ОАВнинг ривожланиш тенденциялари” деб номланган илмий-амалий семинар иштирок этиш учун Қозон федерал университети филиалига йўл олишди. Бу ерда меҳмонларни ўнлаб талабалар ҳурмат билан кутиб олишди.
Бугунги кунда журналист кадрлар тайёрлашга ихтисослашган ягона олий ўқув юрти бўлган Қозон федерал университети филиалида 46 нафар жиззахлик ёшлар журналистика йўналишида таҳсил олишмоқда. 2025-2026 ўқув йилида университет филиалидаги талабалар сони 1000 нафардан ошиши кутилмоқда. Шу ўринда журналистика йўналиши бўйича ҳам муҳим ўзгаришлар кўзда тутилган.

Семинарни “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Саид Донишев очиб, семинарнинг жамиятимизда ва қолаверса ҳар бир фуқаро ҳаётига ўз ижобий таъсирини кўрсатаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, уларнинг журналистик талқини хусусида сўзлади.
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов мамлакатимизда журналистика соҳасига бўлган эътибор ва соҳа юзасидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятига алоҳида урғу берди.
Семинар давомида “Жиззах ҳақиқати” газетаси қошидаги “Jizzaxnews.uz” бўлим муҳаррири Муқаддас Сапарова, “Янги Сирдарё” – “Новая Сырдарья” газеталари бош муҳаррири Баҳром Боймуродов, университетнинг 3-босқич талабаси Нигина Рустамова, университетнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Роза Бахтиевалар мавзуга оид маърузалар қилишди.
Семинар якунида журналистика соҳасини ривожлантиришга қаратилган таклифлар билдирилди.
А . ЯКУБОВ.
Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото)