Агротуризм, яъни қишлоқ туризми — бу сайёҳларнинг чекка қишлоқ ҳудудларига қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи, урф-одатлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ҳамда қайта тайёрлаш жараёнларини кўриш, уларда бевосита ўзлари иштирок этишлари мақсадида ташриф буюриши демакдир.
Бугунги кунда агротуризмнинг тез суратларда жадал ривожланаётган мамлакатлари қаторига Греция, Малайзия, Германия ва Россияни киритишимиз мумкин. Ушбу давлатлар агротуризм ривожланишига давлат даражасида эътибор қаратиб, соҳада махсус ишлаб чиқилган қонунлар фермерлар ва маҳаллий қишлоқ аҳолисига қатор қулайликлар яратади. Масалан, Латвияда “Яшил сертификат” ташкил этилган бўлиб, уни қўлга киритган фермер ўз хўжалигига маҳаллий ва чет эллик сайёҳларни жалб этиш, уларга ётоқ учун жой бериш имкониятига эга бўлади. Италияда ва Испанияда агротуристлар узум етиштириш, уй шароби, пишлоқларни тайёрлашда иштирок этишлари, Польшада отларга ғамхўрлик қилиш, отда сайр этишлари мумкин.
Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда ушбу соҳа жадаллик билан ривожланмоқда ва бу йўналишда келгусида зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилаётир. Вилоятимизнинг тоғли ҳудудларига Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин, Янгиобод ва Фориш туманлари киради. Бу ерларда рекреация ва туризм, хусусан агро ҳамда экотуризмни ривожлантириш имкониятлари мавжуд. Тоғ қишлоқларида аҳоли уй-жойлари қурилишини тартибга солиш, аҳоли жойлашуви ва уй-жой қуриш, фойдаланиши мумкин бўлган ҳудудлар чегарасини қатъий белгилаш, қишлоқ жойлар аҳолисини доимий иш билан таъминлаш, саноат корхоналари, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга эътибор бериш лозим. Бундан ташқари, тоғ қишлоқлари аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, тоғ ҳудудларида замонавий рекреация ва туризм инфратузилмасини шакллантириш, тоғли ҳудудлар ер-сув ресурслари ва уларнинг муҳофазасини таъминлаш жоиз. Воҳадаги учта алоҳида қўриқланадиган ҳудуд — Зомин миллий боғи, Зомин ва Нурота давлат қўриқхонаси, ўрмон хўжаликлари ҳамда Айдар-Арнасой кўллар тизимини ҳосил қилувчи табиий масканлар ҳам қишлоқлар ҳудуди ёки улар атрофида жойлашган. Тоғ ён бағрида жойлашган туманларнинг табиати ва иқлими бу жойларга азалдан туризм индустрияси шаклланганлиги, эндиликда уларни жаҳон стандартлари даражасига кўтариш масалалари турибди. Паст ва ўртача туристик имкониятга эга ҳудудларда эса туризмнинг овчилик, балиқчилик, экотуризм, спорт, соғломлаштириш, этнографик туризм каби турлари билан бирга агротуризмни ривожлантириш мумкин.
Фориш ва Зомин туманидаги қишлоқларда ташкил этилган уй меҳмонхоналари йилига минглаб чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Эндиликда қишлоқ ҳудудларида ушбу йўналишни янада такомиллаштириш мақсадида Бахмал туманида 3 та, Ғаллаорол туманида 3 та, Арнасой туманида 1 та уй меҳмонхоналари барпо этиш давлат дастурига киритилган. Вилоят туман ва қишлоқларида туризмнинг фаол тури — треккинг, баланд тоғликлар оша пиёда юриш), спелеотуризм, бирлаштирилган туризм (аслида бир йўналишда фаол туризмининг ҳар-хил турларини бириктирган), ҳаваскорлик (спорт) туризми, ов ва балиқ ови, экологик туризм, табиий масканлар, табиат обидалари, ўсимлик ва ҳайвонот оламининг алоҳида турлари, даволаш-соғломлаштириш туризми (рекреацион), тарихий, маданий ва географик қадамжоларга ташриф буюриш, фольклор-этнографик туризм, миллий қадриятлар — маҳаллий фольклор ва ҳунармандчилик билан танишиш каби йўналишларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бунинг учун вилоятда туризм йўналишида кенг миқёсда фаолият юритувчи менежментларни тайёрлаш, вилоят қишлоқлари маҳаллий аҳолисининг туризм соҳасида билим ва кўникмаларини шакллантириш, туристларни қабул қилиш, уларга сервис хизмат кўрсатишда алоҳида малакали кадрларни тайёрлаш зарур бўлади. Маҳаллий аҳоли ва вилоятдаги алоҳида қўриқланадиган ҳудудлар ҳамда туризмни ривожлантирувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро алоқа ва қўллаб-қувватлаш механизмини шакллантириш жоиз. Вилоятдаги маҳаллий органлар, фермерлар уюшмаси, қишлоқ хўжалиги бошқармалари, табиатни муҳофаза қилиш, ўрмончилик каби ҳуқуқий органлар билан туризм минтақавий бўлими ўртасида ишчи гуруҳларни шакллантириш, чекка қишлоқ ҳудудларида ташкил этилган уй меҳмонхоналарига юридик мақом бериш, қишлоқ уй меҳмонхоналарида дам олган сайёҳларни рўйхатга олиш муаммоларини ҳал қилиш ҳамда вилоятда агротуризмни ривожлантириш учун махсус уюшмалар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.
Машраб УСМАНОВ,
ЖДПУ география ва ИБА кафедраси доценти.