ҲЕЧ БИР ТАШАББУС ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Жиззах шаҳридаги “Ёшлар инновацион маркази”да вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоевнинг воҳа ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Даставвал хорижнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган жиззахлик талабалар “ZOOM” платформаси орқали йиғилганлар билан суҳбатга киришди. АҚШ, Буюк Британия, Австралия ҳамда Жанубий Корея сингари мамлакатларда таълим олиш бахтига муяссар бўлган вилоятимиз ёшлари Ўзбекистондаги тенгдошларига хориждаги университетларга қабул, у ердаги қўшимча иш фаолияти ҳамда коммуникация жараёнлари хусусида маълумотлар беришди.

–Қаерда ва қайси университетда ўқиш энг муҳим масала эмас, – дейди ҳозирда АҚШнинг Калифорния университетининг ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган, Жиззах шаҳри Заргарлик маҳалласида туғилган Зумрад Эргашева. – Биринчи галда мақсад аниқлаб олинса ва шунга монанд изланувчанлик характери  уйғунлаштирилса, исталган ҳудуддан етук кадр бўлиб етишиб чиқиш мумкин.

Шундан сўнг тадбирга йиғилган келажагимиз эгалари таълим, тадбиркорлик, спорт, бандлик ва ижодий лойиҳалар борасида вилоятимиз раҳбарига ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан мурожаат қилишди. Учрашувда ёшларнинг долзарб муаммолари ва уларни ҳал қилиш бўйича билдирган таклифлари тингланди. Ишга жойлашиш, янги лойиҳалар ва стартапларни ривожлантириш, спорт инфратузилмаларини яхшилаш, ижтимоий лойиҳаларга кўмак бериш каби масалалар қатнашчиларнинг муҳокама марказида бўлди.

–Мен бу ерга замонавий ғояларимни тенгдошларим билан бўлишиш учун келдим, – дейди ҳозирда Жиззах давлат педагогика университети академик лицейи ўқувчиси Абдулазиз Рисқулов. – Мустақил равишда турли ихтиролар қилишга ёшлигимдан қизиқаман. Айни пайтда янги русумдаги самолёт ясаш лойиҳаси устида бош қотиряпман. Унинг афзаллик томонлари кўп. Биринчи навбатда инсон омили аралашмагани боис кўпгина қулайликлар яратишга имкон беради. Ўз ихтиромни рўёбга чиқариш учун вилоят ҳокимидан ёрдам сўрадим. Мутасаддиларнинг моддий кўмаги билан  ўз ғояларимни тезроқ ва самаралироқ амалга оширган бўлардим.  

Вилоятимиз раҳбари ёшларнинг барча таклифларини қўллаб-қувватлади, айрим муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берди. Шунингдек, янги ташаббусларни рўёбга чиқариш учун махсус ишчи гуруҳлар тузиладиган бўлди.

Дарҳақиқат, бундай учрашувлар Янги Ўзбекистон ёшларини юртимиз тараққиёти ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ва ташаббускорлигини  янада оширади, ўз йўналишларида кўпроқ изланиш ва меҳнат қилишга ундайди.

Юсуф САЙДАЛИЕВ,

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *