2024-2025 янги ўқув йилининг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Умумтаълим мактабларининг барча ўқувчилари учун ёқимли жараёнлар аллақачон бошланган.  Янги кийим-кечаклар, ўқув қуроллари, янги мақсадлар, ўй-хаёллар… Синфдошлар ёзги таътилнинг ўзига хос завқларидан сўнг яна бир синф юқорига улғайган ҳолда, бир-бирлари билан кўришишга чоғланаётгандек. Аниқса, бу лаҳзалар мактабга илк қадам қўяётган 1-синф ўқувчилари учун унутилмас ҳаяжонларга бой бўлади.

 Бироқ ушбу мақолада на ўқитувчилар, на ўқувчилар, на таълим тизимидаги ютуқ ёки камчиликларга эмас, балки умумтаълим мактабларида таҳсил оладиган келажак авлод вакилларининг ота-оналарига эътибор қаратмоқчимиз. Зеро, ёшларнинг таълим-тарбияси учун нафақат юртимиздаги таълим тизими, ўқитувчи ёки ўқувчининг ўзи, балки ота-оналар ҳам масъулдирлар. Бу масъулликда болаларга зарур либос, ўқув қуроллари олиб бериш, дарсларга ўз вақтида қатнашишига шароит яратиб бериш билан бирга яна бир қатор вазифалар бор. Шу мавзуда вилоятимизнинг тажрибали психологи, ибратли оила бекаси, беш нафар фарзанднинг меҳрибон онаси Хуршида ХАЙИТАЛИЕВА билан суҳбатлашдик.

Барчамизга маълумки, ота-онанинг ўзаро бир-бирига, атрофдагиларга бўлган муносабатлари шу оиланинг ёш шахсиятида ҳулқ-атвор, қизиқиш, қобилият каби ўзига хос хусусиятлар шаклланишига таъсир этади. Бу таъсирнинг натижаси боланинг дарсларда ўзини тутишида, устозлари, тенгдошлари, ўзидан катта ҳамда кичик ёшдагилар билан қандай мулоқотда бўлишида ёки аксинча, одамови, тортинчоқлик хислатларида яққол намоён бўлади.

Шу нуқтаи назардан психологик билимлар ҳамда ҳаётий тажрибаларга таяниб тавсия этмоқчиманки, ҳар бир она ўқувчи ёшидаги фарзандлари билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб туришни одат қилиши лозим. Суҳбат бир томонлама, панд-насиҳат мазмунида бўлмаслиги жуда ҳам муҳим. Мавзу фақат боланинг ўзигагина тегишли бўлган ҳодисалар ҳақида, унинг қизиқишлари, кайфиятига нималар таъсир этаётганлиги, айни дамда қандай ўй-хаёлларда эканлиги, яқин ўртоғига муносабатларига қаратилиши зарур. Дастлаб онаси томонидан болага кўрсатиладиган бундай ҳурмат-эътибор, самимий муносабат унинг аввало ўзига, сўнг атрофдагиларга ва ҳаётга бўлган ишончини юксалтириб боради.

Шу ўринда яна бир тавсияни таъкидлашим жоиз, айни кунларда аксарият ёш ўқувчилар ота-оналари билан бозорга, дўконларга қатнашмоқда. Харид чоғида ўқув қуролларини болаларнинг ўзига танлатиш, уларга ёқадиган турларини олиб беришлик манфаатлидир. Яқинда ўзим ҳам бир китоб излаб, бозордаги китоб дўконига киргандим. Дўконда харидор кўп бўлганлиги боис сотувчининг қўли бўшашини бироз кутишимга тўғри келди. Яқинимда она- бола дафтар-ручка олаётган эди. Маҳкам ушланган ручкани боласининг қўлидан олиб, сотув растасига қўйиб қўйган она:

— Нима қиласан буни, ҳаммаси ҳам бир ручка, эшитмадингми қиммат экан, — деди норози оҳангда.

Болакай ўша ручкани қўлига яна олиб, онасига ялинди: “Шунисини олиб беринг, қаранг, ўчирғичи бор, хато қилиб қўйсам ўчириб, яна тўғри ёзаман”.

– “Шунақа дегин, ундан кўра хато қилмай ёзишга ҳаракат қилақол”, — деди она…

Болакай ушлаб олгани оддий ручкадан нари борса 500 ёки 1000 сўм фарқ қилади. Бундай ручкада ёзишга мактабда рухсат бор ёки йўқлигини билмайман, бироқ она фарзандига уйда ўзи истаганидек дарс таёрлашига имкон берса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Зеро, ёшларнинг хато қилишдан қўрқадиган, уяладиган бўлиб эмас, аксинча хатолар қилиб, тўғри хулосалар ҳақида ўйлайдиган, адашишдан тез тушкунликка тушадиган эмас, дарҳол ўзини ўнглаш ҳаракатида бўладиган инсондек вояга етишларида оналарнинг ҳиссаси беқиёс.  

Шунингдек, оиладаги баъзи ҳолатларда боланинг фикри инобатга олиниши, ҳатто ўша фикр арзимас туюлса ҳам тингланиши муҳим аҳамиятга эга. “Болада, айтверади”, “сендан ҳеч ким сўрамаяпти”, “ҳали ёшлик қиласан”, қабилидаги сўзлар билан уларга эътибор қаратмаслик, синфдошлари даврасида ҳам ўз фикрига эга бўлолмаслик оқибатларига олиб келади. Ўз фикри ва кенг дунёқарашига эга бўлишликнинг энг асосий қоидаси эса, фарзанд тарбиялаётган ота-онанинг доимо китоб мутолаа қилишга мойил бўлишлигидир. Биламизки, яқин кунлардаги илк дарс соатларида ўқитувчилар ўқувчилардан дам олиш кунларини қандай ўтказганларини, қайси китобларни ўқиганликларини сўрашади. Менинг наздимда ҳудди шу савол энг аввало уларнинг ота-оналарига ҳам берилиши лозим. Зотан, инсон умрининг барча босқичларида мутолаага мойил бўлиши ҳақиқий зиёлилик белгисидир. Зиёли оилаларда тарбия кўрган болаларгина асарларни фарқлай, китобларни танлай олишади.

Дарҳақиқат, шу лаҳзада фарзанди мактабга бораётган ҳар бир ота-она ўзи ҳақида ўйлаб кўрмоғи ўринли. Зурриёдининг аъло баҳоларга ўқишини, илмли, фозил инсон бўлиб вояга етишини  истовчилар шу кунларда қандай мавзудаги китобни мутолаа қилганликларини ёдга олишлари мумкин.    

Ҳўш, азиз ота-оналар, янги ўқув йилида фарзандингизнинг аъло баҳоларга ўқиши учун Сизнинг тайёргарлигингиз етарлими?

 

Гулчеҳра ХИДИРОВА

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *