Жиззах қовунлари азалдан тилёрар ва этли экани билан тилларга тушган. Хоразмда гурвак, Жиззахда обиноввот, кўкча ўзгача мазали. Бунда воҳанинг ер-тупроқ хусусиятлари билан бирга деҳқончилик тажрибаси ҳам катта ўрин тутади. Жиззах қовунчилик мактаби анъаналарини сақлаб қолиш ва соҳага замонавий, илғор усулларни олиб кириб, вазиятни ўнглаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқдаки, бугунги репортажимиз айнан шулар хусусида.

Президентнинг 2025 йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “O`zagrostar Xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори билан мамлакатимизда томорқачилик ва деҳқончиликни ривожлантиришнинг янги босқичи бошланди, десак муболаға бўлмас. Мазкур фармон ва қарор асосида “O`zagrostar Xolding” компанияси ва унинг муассислигида 16 та ихтисослашган компания ташкил этилди. Ҳар бир филиал маълум қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган ва улар 16 та базавий ҳамда 54 та қамраб олинган туманларда фаолият олиб боради. Бу компанияларнинг иккитаси айнан Жиззах вилоятида фаолият олиб боради. Бугун уларнинг бири – “Мirzacho`l Agro Star” ихтисослашган компанияси фаолияти ҳақида суҳбатлашамиз.

-“ Мirzacho`l Agro Star” ихтисослашган компанияси “Миллийбанк”нинг 16, 9 млрд АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ҳисобига ташкил топган бўлиб, қовун-тарвузчиликни ривожлантириш бўйича Мирзачўл, Мирзаобод, Сардоба, Оқолтин, Ховос, Кўкдала, Янгибозор ва Гурлан туманлари бириктирилган, – дейди “O`zagrostar Xolding” компанияси ахборот ва PR менежери Азизбек Қодиров. – Биламизки, бу туманларда полизчилик имкониятлари юқори. Компания томонидан ер эгаларига назарий ва амалий кўмак кўрсатилиб, уруғ танлаш, ерни тайёрлаш, парвариш ҳамда экспорт учун кўмак кўрсатиш ишларигача зиммага олинган. Жорий йилда 36,3 минг гектар – 18,2 минг гектарга қовун ва 18,1 минг гектарга тарвуз экиш ишлари амалга оширилди. Бу билан экиш белгиланган режа 97 фоизга бажарилди. Натижада ҳудудларда қовун-тарвуз маҳсулотлари нархида ўзгариш кузатилди. Кейинги йилларда сифат кўрсаткичларида ҳам катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Жорий йилнинг ўзида 72 млн сўмлик маҳсулот экспорт қилинишига эришилди. Ташкил топганига кўп бўлмаган бўлса-да, олдимизга қўйилган мақсадларга қадамма қадам эришишни бошладик.
Эътиборлиси, компаниянинг 5 гектар ҳудуддаги агросаноат мажмуида юртимиз учун экзотик ҳисобланган уруғсиз тарвуз ва қизил қовун етиштирилаяпти. Тўртбурчак тарвуз ҳам шу ерда. 1 гектар иссиқхона ва 4 гектар очиқ майдондаги “дала тажриба майдони”да иш қизғин. Иссиқхонада Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган қовуннинг Jin Tian №1, Jin Tian №3, тарвузнинг Jin Mi F1, Jin Zhong Yuan№1, Zhong Yuan №5 уруғлари экиб парваришланмоқда. Уларнинг ўзига хослиги нимада?

-Хўрозқанд хорижники деса ётиб ялайди, эмас-да, – дейди агроном Маҳмуд Номозов. – Уларнинг асосий хусусияти тўлиқ органик усулда етиштирилиши. Бунинг учун Словениянинг “Рокосан” компаниясидан органик ўғит импорт қилинмоқда. Унинг таркибида 18 хил микроўғит мужассам. Бундай ўғит ишлаб чиқарувчи компаниялар Европада атиги 5 та. Жиззах технопаркида ҳам органик ўғит ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушгани эътиборга молик. Органик ўғит парранда, қорамолнинг суяк, пат, туёқ каби қисмларидан тайёрланади. Ўғит гранула ва суспензия шаклида бўлиб, аввало уруғга ўғит билан ишлов берилади. Униб чиққанидан сўнг баргларига пуркаш йўли билан етказиб берилади. Шунингдек, касалликка қарши курашда ҳам биологик усулдан фойдаланилади. Бундай парваришдан сўнг маҳсулот узоқ вақт айнимайди, ташқи кўринишини йўқотмайди. Муҳими, экологик тоза, саломатликка зиёни бўлмайди. Шу сабаб бутун дунёда экспорт учун “органик” сертификати талаб этилади. Бугунги кунда қовун-тарвуз махсулотларининг нитрати, яъни зарарли моддаларини 50 фоизга қисқартиришга эришилмоқда.
Маълумот учун, хитой қовунлари стандарт 2-2.5 кг бўлади, каттариб кетмайди. Бу уларни қадоқлашда қулайлик туғдиради. Тарвузлари ҳам узунчоқ шаклда бўлиб, бу ҳам қадовлаш мақсадига мос келади. Иссиқхонада кўчатлар икки хил усулда парваришланаяпти: ўзбекона ва хитойча. Яъни бир томонда ўзбек деҳқонининг тутумига хос эгат ва пушта олиниб, бир томонига хитойлик миришкорлар каби қадоқча усулда. Ўзбекистон тажрибасида анъанавий усулда 1 гектар ерга 7-8 минг дона, Хитой тажрибасида шунча майдонга 15-16 минг дона қовун-тарвуз кўчатлари экилади. Илк кўчат 1 июнда экилган бўлиб, шу кунларда ҳосилга киради.. Шундан сўнг ҳар 20 кунда оралатиб, кўчат экиб борилаяпти. Яна ҳар сафар экиш оралиғи, парвариш муддатлари ўзгартирилган ҳолда. Бундан мақсад қайси усулда, шароитда етишган кўчат кўпроқ ҳосил беришини аниқлашдир. Тажриба-синов тариқасида экиш февралга қадар давом этади. Бу дегани йилнинг исталган фаслида қовун-тарвузни иссиқхона шароитида етиштириш имкони бўлади. Худди помидор-бодринг сингари йил-ўн икки ой полиз маҳсулотларини топиш мумкин бўлади.

Тажриба-синов ишлари билан бирга баҳорда далага пленка остига экиш учун 6400 та кўчат тайёрлаш ишлари ҳам олиб борилаяпти. 5 турдаги қовун-тарвуз кўчатларининг эртаки нави 3200 та, кечки нави ҳам шунча миқдорда ер эгаларига етказилади. Жараёнда хитойлик мутахассис ҳам фаол иштирок этаяпти.
-Илғор усулларни замонавий технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди агроном Liu Changxin. – Ақлли камералар, ақлли сув тақсимлаш техникалари ишлатилаяпти. Масалан, қаерга қанча ўғит бериш керак, қайси ҳудудда чигирткалар кўпайган, қайси экин сувга қанча талабгор каби саволларга ақлли қурилмаларнинг ўзи жавоб топади. Иш вақти, энергия тежалади. Инсон омили сабаб ҳосил йўқотишига йўл қўйилмайди. Келгусида бу ерда етиштирилган маҳсулотларни Хитой ОАВларида кенг реклама қилиш ниятидамиз. Араб давлатлари, Россия, Европа бу маҳсулотларнинг асосий харидорлари бўлиши прогноз қилинмоқда.
Кўчатлар ёмғирлатиш тизими орқали суғорилади. Бунинг учун суғориш ҳовузи ва smart water қурилмалари, томчилатиб суғориш тизимлари барпо қилинган. 100 куб м ҳажмдаги сув 5 га майдонни йил бўйи суғоришга етади. Бундай тежамкорлик устига ҳовузда балиқ ва парранда боқиш режаси ҳам бор экан.
Қизиғи шундаки, Ҳитойда етиштирилган қовуннинг шираси 14 фоиз бўлиши стандарт бўлиб, Жиззах заминида хитойчасига етиштирилаётган қовунда бу кўрсаткич 18 фоизни ташкил этаяпти экан. Демак, ер, сув, ҳаво каби омилларда ҳикмат борлиги рост.

Бу ерда яшил энергиядан фойдаланган ҳолда фаолият олиб борилади. Бунинг учун 50 кВтли қуёш панели ўрнатилмоқда. Унинг остидаги очиқ майдондан ўқув мақсадларида фойдаланиш кўзда тутилган.
Компания таҳлилларига кўра, глобал бозорларда мева, сабзавот етарли бўлса-да, полиз маҳсулотларига талаб ўзгача юқори. Бу бўшлиқни сифатли қовун-тарвуз маҳсулотлари билан тўлдириш мақсадида мулоқотлар, музокаралар олиб борилаяпти. Хусусан, кейинги йил учун Россия давлати билан 20 минг тонна маҳсулот етказиб бериш учун шартнома имзоланди.
Бугун Жиззах далаларида ана шундай янгиликлар. Қишлоқ хўжалигига илмий ёндошув натижасида давр талабига мос, экспортбоп, узоқ йўлга чидамли ва энг муҳими, соғлом маҳсулотлар, ўзбек деҳқонини бадавлат қиладиган неъматлар етиштириш учун ана шундай саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Муқаддас САПАРОВА.
Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото).