Эрталаб иш бошланиши билан унинг хонаси эшиги олдида беморлар кўпаяди. Кимдир йиллар мобайнида қийнаб келаётган дардига дармон излаб келган, кимдир таҳлил ва текширув натижаларини кўтариб, маслаҳат сўрайди. Қарийб ярим асрдан зиёд тиббиётда меҳнат қилиб келаётган Эдуард Нориев эса ҳар бир мурожаатни синчиклаб тинглайди, савол беради, ҳужжатларни кўздан кечиради. Зеро, ҳар бир ташҳис ортида инсон тақдири, бир оиланинг умиди турибди.
Бугун республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий марказининг Жиззах филиали бош шифокори сифатида фаолият юритаётган Эдуард Устемировичнинг меҳнат йўли Жиззахда кардиология соҳаси энди шаклланаётган даврларга бориб тақалади.
Меҳнат фаолиятини 1977 йилда Жиззах шаҳридаги 1-поликлиникада терапевт сифатида бошлаган Эдуард Нориев кейин Кардиология илмий-амалий институтида ихтисослашувдан ўтди. Шундан сўнг унинг бутун меҳнат фаолияти вилоятда юрак-қон томир касалликларига қарши курашиш, кардиология хизматини ривожлантириш билан боғланди.
– Ўша даврда Жиззахда кардиология хизмати бугунгидек имкониятларга эга эмасди, – дейди у. – Дастлаб атиги 4 ўринли бўлган кардиология бўлими кейин 12, сўнг 20 ўринга кенгайтирилди. 1980 йилда эса 40 ўринли кардиология бўлими ташкил этилди.
Эдуард Нориев 1980-1995 йилларда шу бўлимга раҳбарлик қилди. Кейинчалик унинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан вилоят шифохонаси қошида кардиология диспансери ташкил этилди. 2008 йилгача унинг бош врачи бўлиб ишлади. 2008-2010 йилларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига раҳбарлик қилди. 2010-2017 йилларда яна кардиология тизимида ишини давом эттирди. Бугун эса йиллар давомида шаклланишида иштирок этган тизимнинг янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Эдуард Нориев хориж тажрибасини ўрганишга ҳам катта аҳамият берди. У Германияда уч марта, шунингдек, Туркия, Чехия, Россия, Франция ва бошқа давлатларда малака оширди. У ерларда кўрган замонавий ташхис ва даволаш усуллари, тиббий хизматни ташкил этиш тажрибасини Жиззах тиббиётига татбиқ этди.
– Германияда ҳар сафар тиббий техникаларнинг аниқ ва осон ишлашидан, касалликни аниқлаш, даволаш ва олдини олиш ишларининг қанчалар яхши йўлга қўйилганидан ҳайратланганман. Мана, шундай имкониятлар ўзимизда ҳам пайдо бўлди, – дейди шифокор.
Унинг фикрича, замонавий тиббий ускуна ва дори-дармон билан бир қаторда, энг муҳим масалалардан бири касалликни эрта аниқлашдир.
– Одамларни ўз саломатлигига эътиборли бўлишга, ҳеч бўлмаганда йилига бир марта тиббий кўрикдан ўтиб туришга ўргатишимиз керак, – дейди у фикрини давом эттириб.
Эдуард Нориев турмуш ўртоғи Барно опа билан биргаликда беш фарзандни вояга етказиб, уларнинг камолини кўриш бахтига эришди. Бугун улар 12 нафар шириндан-шакар неваралар даврасида янада файзли ва мазмунли ҳаёт кечиришмоқда.
Оилада ҳар бир фарзанд ўз йўлини топган. Катта қизи Анжелика ҳамширалик касбини танлаган бўлса, Шерзод тадбиркорлик билан шуғулланади. Бегзод «Жиззах аккумулятор заводи»да масъул раҳбар. Эгизаклар Фотима ва Шоҳрух ҳам олий маълумотли мутахассислар. Шоҳрух эса отасининг касбини давом эттириб, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимида шифокор сифатида инсонлар саломатлиги йўлида хизмат қилмоқда.
Унинг меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилган. Эдуард Нориев “Меҳр-саховат”, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги”, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 35 йиллик тантаналари арафасида II даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланди. Шу билан бирга жорий йилда Президентимиз фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Шифокорлик юксак масъулият, чексиз сабр ва инсон ҳаёти олдидаги улкан бурчдир. Бу йўлда йиллар, синовлар ва масъулиятли қарорлар талайгина. Аммо ҳақиқий шифокор учун беморнинг соғайиб, ҳаётга қайтиши, яқинларининг кўзларида пайдо бўлган қувонч барча меҳнатнинг энг юксак мукофотидир.
Ана шундай шарафли ва масъулиятли йўлни муносиб босиб ўтаётган Эдуард Нориев Жиззахнинг фахри, кўплаб инсонларнинг дуосини олган, юракларга умид ва севинч бағишлаётган фидойи шифокорлардан биридир.
Шаҳноза МАНСУРОВА.