МАШИНАЛАР КУЧИДАН ХИРМОНЛАР ЮКСАЛДИ

Жорий йилда вилоятимизда етиштирилган ҳосилнинг 90 фоизи техникалар ёрдамида йиғиштириб олинди. Бунинг учун “BOSHIRAN 4MZ-4C”, “FM WORLD 4MZ-4C” ,“John Deere 9970”, “John Deere CP 690”, “Case INGE 420” русумли 300 тага яқин пахта териш машиналари кучидан унумли фойдаланилди.

Вилоят пахта штабидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 20 октябрь санасигача пахта териш машиналари кўмагида вилоятимизнинг 262150 тонна ҳосили йиғиштириб олинган. Қабул пунктларига 1164 та ташиш транспортлари орқали хом ашё етказиб берилган.

Бу йил вилоятимиз деҳқонлари 20000 гектарга хорижий нав экиб, Хитой технологияси асосида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди. Мутахассисларнинг фикрича, бу йилги ҳосил ҳар йилгига қараганда анча мўл бўлгани бот-бот айтилмоқда. Буларнинг замирида қишлоқ хўжалигида илм-фан, инновация ва янги технологияларнинг, шунингдек, пахтачиликда Хитой тажрибасининг жорий қилинганлиги ютуқлар омили бўлди.

—Компаниямиз томонидан Ўзбекистондаги хўжаликларга сифатли хизмат кўрсатиб келаяпмиз. Вилоятингизда 97 та пахта териш машиналаримиз ишлаб турибди. Бу комбайнларнинг устунлиги пахтани сифатли ва тоза теради. Ёнилғи сарфи бошқа техникаларникига қараганда анча кам,—дейди хитойлик мутахассис Yuan Xaylang.

—11та қишлоқ хўжалиги техникамиз бор,—дейди Мирзачўл туманидаги “Фориш чўққиси” МЧЖ раҳбари Ваҳоб Рисбиқов. —Бу йил механизаторларимиз яхши меҳнат қилиб, рўзғорига қут-барака киритаётгани рост. Бир нафар пахта териш машинаси оператори бир кунда ўн гектар, ойига 300 гектар ҳосилни териб олгани учун бир ойда 100 миллион сўмгача  пул ишлаб топаяпти.

Дарҳақиқат, техника деҳқоннинг қаноти. Буни айниқса, ҳосилни сифатли ва тез йиғиштириб олишда вилоятимиз далаларида жавлон урган пахта терим машиналарининг иш суръатидан ҳам сезиш мумкин. Тўрт, олти қаторли пўлат техникалар ёрдамида ҳосил ёғин-сочинли кунларга қолдирилмасдан йиғиштириб олинди. Вилоят раҳбарининг мирзачўллик уста пахтакорлар билан яқинда бўлиб ўтган учрашувида серунум “BOSHIRAN 4MZ-4C” пахта териш машиналаридан келгусида вилоятимизга Хитойдан яна 100 та олиб келиниши ҳақида айтиб ўтилди.

Бир пайтлари уч ойгача чўзилган пахта мавсуми бугун 40-45 кунда поёнига етаяпти. Мажбурий меҳнат, ортиқча ишчи кучи, бошқа харажатлардан халос бўлган деҳқоннинг, фермернинг кўкрагига ҳаво тегадиган кунлар келгани чин бўлсин. Халқимиз бойлиги, элимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги бободеҳқоннинг меҳнати самараси. Ҳамиша кўнгил тўқ, ризқ бутун, юртим обод бўлаверсин! Хирмонларинг хирмонларга, тўйларинг тўйларга  уланаверсин!

 Зоир КАЛОНОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *