14 июнь-Енгил саноат ходимлари куни

“BOKAR” БРЕНДИ БИЛАН

      Бугун хоҳ Европа, хоҳ Осиё мамлакати бўлсин ўзбек пахтасидан қайта ишланиб, дунё бозорларига экспорт қилинаётган тикув-трикотаж ва енгил саноат маҳсулотларининг ўз харидорини топаётганидан вужудинг яйраб, фахр-ифтихорга тўлади.

       Вилоятимизда бугун  барча турдаги  саноат корхоналарининг умумий сони   500  тадан зиёдни ташкил қилади. Шундан тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари сони  133 тадан иборат бўлиб, унда 10700 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётир. Мазкур корхоналар томонидан   ип-калава, пайпоқ, трикотаж мато, пахтали ипдан газлама, гилам,  фарнитура, тикув-трикотаж  маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ҳам ички бозорга, ҳам экспортга йўналтирилмоқда.

 Шароф Рашидов туманидаги  “BAGIRA TEX” МЧЖнинг ташкил этилганига ўн икки йил бўлди. Корхона таъсисчиси, тадбиркор Ботир Каримовнинг саъй-ҳаракати билан  жамият оёққа турди. Ўз фаолиятини  шим ишлаб чиқариш билан  бошлаган   жамиятда дастлаб  саккиз нафар ишчи ходим ишлаган.  Банкдан молиявий кўмак олингач, тадбиркор фаолиятини кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилди. Чет элдан сўнгги андозадаги  ишлаб чиқариш ускуналари олиб келингач, иш ҳажми ва сифати ошди.  Натижада хўжаликнинг идорасидаги бир хонада иш бошлаган тадбиркор орадан йигирма йил ўтиб, шу ҳудудда фабрика ташкил қилди. Корхона ишчилари сони бугунга келиб 113 нафарга етди.  Маош ҳам ишчиларни қаноатлантирмоқда. Иш тартиби, меҳнатга ҳақ тўлаш иш сифатига қараб кўтарилиб  борди.

Бугун 13 сотих майдонда, кенг ва замонавий дастгоҳлар ўрнатилган масъулияти чекланган жамиятда меҳнат қилаётган ходимлар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Шароф Рашидов туманидаги Қўшкўприк, Қатортол, Яхтанлик, Саройлик, Мўлканлик, Тарақли, Куёвбоши ҳамда Учтепа маҳаллалари хотин-қизларини ишга олиб келиб, олиб кетишга автобуслар хизмати йўлга қўйилган.

—Замонавий тикув дастгоҳларимиз Туркия, Хитой ва Германиядан келтирилган,—дейди жамият иш бошқарувчиси Абдумалик Собиров. —Хом ашёларни асосан Хитой ва Туркиядан келтирамиз.

—Асосан корхонамизда классик, спорт-классик ҳамда икки томонлама тугмали костюм-шимлар тикилади,—дейди жамият бичувчиси Абдунаби Маматқулов. —Суткасига 200 дона тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқараяпмиз.

  “BAGIRA TEX” МЧЖда асосан эркаклар устки кийим маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати уч миллиард сўмни ташкил этувчи корхона маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж анча ошган. “BOKAR” бренди остидаги маҳсулотлар деярли республикамизнинг барча вилоятларидаги савдо нуқталирига, шунингдек, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия давлатларига экспортга чиқарилмоқда.

Биз корхона фаолияти билан танишгани борганимизда  бир гуруҳ қозоғистонлик ҳамкорларнинг Чимкентда корхонанинг дилерлик марказини очиш бўйича келишувга эришганига гувоҳ бўлдик.

Мақсуда Мелиева, Фотима Зуҳурова сингари тикувчилар ўз тақдирини шу корхона билан боғлашган.

—Яқинда Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятига Аҳмад Яссавий ҳазратларини зиёрат қилгани бордим,—дейди Мақсуда Мелиева. —Не кўз билан қарайки шу ердаги савдо дўконида мен ишлайдиган корхонанинг маҳсулотини турганини кўриб, ҳам севиндим, ҳам фахрландим. Инсон бу лаҳзада бошқача бўлиб кетаркан. Қайтиб келиб, ходимларимизга кўрганларимни айтиб бердим.

Фурсатдан фойдаланиб енгил саноат ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклаймиз.

 

Зоир ЭРГАШЕВ

(“Жиззах ҳақиқати”)

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.

 

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *