ПРЕСС-ТУР: ИЧКИ ИШЛАР ТИЗИМИДА

ЭКОЛОГИК БАРҚАРОРЛИККА БАРЧА БИРДЕК МАСЪУЛ

Вилоят ички ишлар бошқармасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – кенг жамоатчиликни тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ходимлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари ҳамда экологик ташаббуслар билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Дастлаб пресс-тур иштирокчилари Шароф Рашидов туманидаги Куёвбоши маҳалласига ташриф буюрдилар. Журналистлар бу ерда барпо этилган ички ишлар органлари боғи ҳамда соҳа ходимлари учун мўлжалланган замонавий турар-жой бинолари, улардаги шароитлар билан танишдилар.

 

Айниқса, майдони 22,6 гектарни ташкил этувчи боғ ҳудуди меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Бу ерда мевали ва манзарали дарахтлар, узумзорлар ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари парваришланмоқда. Боғ ҳудудида замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, бу сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликни таъминлашга хизмат қилади. Таъкидланганидек, бундай лойиҳалар нафақат экологик ҳолатни яхшилашга хизмат қилади, балки ходимлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ҳам қўшимча имконият яратади.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакилларига ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, ходимларни уй-жой билан таъминлаш, ижара тўловларини қоплаш, моддий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ходимлар фарзандларининг сифатли таълим олиши ва соғломлаштирилиши ҳам тизимдаги ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Пресс-тур иштирокчилари шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Ушбу дастур асосида вилоятда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Яратилаётган яшил ҳудудлар ва боғлар экологик барқарорликни таъминлаш, ҳаво сифатини яхшилаш ва аҳоли учун қулай муҳит шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Шунингдек, иштирокчиларга боғдорчиликда қўлланилаётган замонавий суғориш технологиялари намойиш этилди, самарали аграр усуллар жорий этилиши ҳақида маълумот берилди. Кинология хизмати фаолиятига ҳам тўхталиниб, хизмат итларини тайёрлаш жараёни ва уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни амалда кўрсатиб берилди.
Пресс тур давомида бошқарма ходимлари томонидан сўнгги йилларда соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар хусусида маълумотлар берилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Дарҳақиқат, бу каби тадбирлар давлат тузилмаларининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва холис ахборот майдонини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Сабина МИНГБАЕВА.

 Шерзод ЭГАМКУЛОВ олган суратлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *