Ишдан ёки ўқишдан ҳориб келдингиз. Оила аъзоларингиз билан чой устида телевизор кўриб ўтирибсиз. Шу пайт экранда вақти – вақти билан эфирга узатиладиган, яхши – ёмон, таъбимизга манзур ёки номаъқул турли рекламалар кетма-кет намойиш этилади:
“Тиш оғриғи, юқори ҳарорат,
Бош оғриса тинмасдан бир фурсат,
Балки сизга беради ёрдам,
Эслаб қолинг номин ҳар дам — Қупен …”.
Дори воситасининг фойдаси ҳақидаги ушбу рекламадан сўнг, бизда қуйидагича фикр уйғониши мумкин: “Агар ўзимизда оғриқ сезсак, айнан шу дори воситасини қабул қилиб, яна куч тўплаб олишимиз мумкин…”
“… УЗУМ маркетда қайноқ чегирмалар вақти! Энди эркаклар футболкасини атиги 70 мингга харид қилишингиз мумкин...”
Доим уларни кўрамиз-у, аммо ҳамиша ҳам диққат билан кузатавермаймиз. Аслида, “реклама” сўзи лотинча “рекламарс” сўзидан олинган бўлиб, “бақирмоқ” маъносини билдирар экан. Ҳозирги кундаги рекламаларни кўриб, росмана бақириб юборгингиз келади. Баъзилари борки, маҳсулот қанчалик сифатли, фойдали ёки ҳамёнбоп эканлигига қарамасдан, ҳаддан зиёд такрорланавериши асабимизни эговлайди.
Одатий кунларнинг бирида ишдан уйга қайтдим. Таомланиш вақтида янгиликлардан хабардор бўлиш ниятида телевизорни ёқдим. Замонавий ТВ каналларининг бирида айни рекламалар вақти экан. Ана холос! Иштаҳа ҳам бузилди. Бу – “Пиколакс” – қабзиятга қарши тиббиёт дори воситасининг рекламаси эди. Бир ёши каттароқ киши қорнини ушлаб, кампири ёнига келди. Буви бобонинг аҳволини сезди чамаси, дори берди ва “Ҳозир қабул қилиб, тонгда енгиллашасиз”, деди…
Кейин ундан қолишмайдиган бошқалари бошланди: “Фанта”. Турли тоифадаги ёшлар қандайдир вақтни ўғирлайдиган бекорчи машғулотлар билан банд, лекин зерикиб туришибди. Бирдан ҳаммалари ичимлик ичишни истаб қолишди ва пала-партиш, бефаросатларча олдиларидаги енгил тамадди маҳсулотларига ўзларини ура кетишди. Худди шундай ҳолатга бошқа бир ичимлик рекламасида ҳам кўзингиз тушгани аниқ. “Пепси” салқин ичимлиги: “Пепси билан тановул қил, чанқоғингни бос!” Ошхона, тамаддихона, ресторанларда ҳар хил таомлар, фаст-фудларни маданиятли инсон зотига ярашмайдиган ҳолда ямламай ютган ҳамда атрофни овқат қолдиқлари-ю, ичимлик юқига тўлдирган “кишилар” кетма-кет салқин ичимликни симиришади ва ўзларининг ўша вақтдаги ҳолатларидан хурсанд бўлишади. “Орбит” сақичи. Икки дугона кўчада машиналар тирбандлигида қолиб кетишган. Рулдаги қиз жуда асабийлашаётгани кўриниб турибди. У сақични олиб, оғзига солди ва мусиқани баландлатиб, ўтирган жойида дугонаси билан ғалати рақсга туша бошлади. Бунда, агар сақич чайнасанг, шунақа ўз-ўзидан хурсанд бўласан, деган маъно келиб чиқадими?..
Бундай реклама роликларини кўрган болалар ҳам ўзларини ундаги кишилар каби тутишга ҳаракат қилишмайди, деб ким кафолат бера олади?! Реклама агентлигида фаолият кўрсатувчи мутахассислар, кундан – кунга ривожланиб бораётган бу тезкор замонда қандай қилиб савияси паст рекламаларнинг кўпайиб кетишига йўл қўймоқда?
Реклама — бозор иқтисодиётининг энг керакли, сув ва ҳаводай зарур шартларидан бири эканлигини тушунамиз. Тадбиркорликсиз тараққиёт бўлмаганидек, рекламасиз тадбиркорлик ҳам бўлмайди. Шундай экан, тадбиркор ўз маҳсулотини эълон қилишдан олдин унга яхши ном ҳам қўйиши лозим. Яқинда бир рекламага кўзим тушди. Унда болалар иштирок этаётганлигига қараганда, бирор ширинлик, шекилли деб ўйладим. Ширинликнинг номи ҳайратимни оширди: “УММУ”! Наҳотки, асарларида 26 минг 35 та сўзни қўллаб, дунёни лол қилган жаҳоннинг улуғ мутафаккири Алишер Навоий ижод қилган бой ўзбек тилимизда маҳсулотни номлаш учун шундан бошқа арзирли ном топилмаган бўлса?!
Хуллас, бу мавзуда узоқ сўз юритиш мумкин. Аммо фақат гапириш билан эмас, вазиятга тўғри назар ташлаб, ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида камчиликларни йўқотишга биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим деб ҳисоблайман.
Фарангиз МАМАРИЗАЕВА,
Жиззах политехника институти
“Хорижий тиллар” кафедраси ўқитувчиси.