ҚЎЛГА ТУШМАСОВИЧ ҚЎЛГА ТУШДИ

 Катта идора бошлиғи Қўлга Тушмасович Қасамхўров хонани бошига кўтариб хуррак отарди. Бирдан телефон жиринглаб қолди.

—Обиддаям тинчлий йўғ-а-а. Ўласанми бирпас ухлаб олсанг, — дея ғудранди бошлиқ.

Сўнгра чириллаб ётган гўшакни кўтарди.

—Эшитаман, нима гап?

—Ассалому алайкум, Қўлга Тушмасович! Бу мен Еб Тўймасовичман.

—Ҳа, баччағар, шу пайти телефон қиласанми, ахмоқ, ширин уйқуни буздинг-да.

—Ие, ҳозир ухлайдиган пайтми, устоз, айни пул топадиган вақт-да.

—Оббо, баччағар-ей, пулни ҳидини минг километрдан ҳам сезасан-а…

—Устоз, пулсиз рўзғор ўтмайди, бўш қоп тикка турмайди, ахир, ҳи-ҳи-ҳи…

—Кўпам валдирама, олдимга кел, телефонда айтадиган гаплар эмас булар, тез кел!

Еб Тўймасович бироз ўтмай, бошлиқ ҳузурига етиб келди. У тавозе билан кириб деди:

  • Ассалому алайкум, пиру устозим!
  • Гапни қисқа қил, бўладиган савдони қилда, жўна!
  • Хўп-хўп, устоз, гапимни индаллосини айтиб олай, ахир.
  • Гапир, гапир, тез-тез…
  • Хулласи калом, устоз Сиз айтган корхона раҳбарлигига номзод бор.
  • Ие, шундан гапирмайсанми, ким экан у?
  • Уни танийсиз, илгари колхаз раиси, савхоз директори бўлган, Қоринбой Мешкобивич, фирмангизни гуллатиб юборади.
  • Ҳа-а, анави урилиб кетган раисни айтаяпсанми?
  • Урилганига кўп йиллар бўлиб кетди, кейин сут фермасида ишлаб урилди, гўшт комбинатда ишлаб, растрата қилди, қамалиб келган.
  • Бўлмайди, ука! Шунақа номзод ҳам топасанми, аҳмоқ?!
  • Зато, устоз пули борд-э, оғзингизга сиққанини беради.
  • Элликта бероладими, номзодинг?
  • Жон деб беради, бу ёғидан хавотир олманг.
  • Ишончли одамми, ўзи?!
  • Менга ишонгандек, ишонаверинг.
  • Хўп, розиман, фақат мени яхши биласан, ҳамма ишни пишиқ-пухта қиламан.
  • Устоз, нима десангиз розиман.
  • Ҳозир апасна бўп турипти, биласан ҳаммаёқда коррупцияга қарши қаттиқ кураш кетаяпти. Ҳушёр бўлмасак бўлмайди, жигар!
  • Тўғри, айтасиз, устоз, Сизни тажрибангиз катта-ку! Сиздай пишиқ одам қўлга тушармиди?
  • Хуллас, бундай қиласан, Қоринбой Мешкобивичдан пулни олиб, тўғри ишхонамга келасан.
  • Кейин-чи, кейин…
  • Кейин, кадрлар бўлимининг хонасига кирасан, ўша ерда катта ваза бор, гул солинган. Ўша гулни олиб ташлайсанда, пулни ичига солиб қўясан, тамом вассалом. Сени ишинг битди.
  • Хўп, хўжайин, мени ҳақимни…
  • Галварс, сени ҳақинг қочиб кетмайди, аввал “маросим”ни ўтказиб олайлик.
  • Ҳа-ҳа, пора олиш маросимини денг…
  • Ўчир овозингни, биров эшитиб қолмасин, ахмоқ.
  • Ие, Сиздек пишиқ одамни ким ҳам ушлай оларди, салкам қирқ йилдан бери пора оласиз, профессионал бўлиб кетгансиз-ку, ахир.
  • Ҳа-ҳа… собиқ иттифоқ пайтида ҳам устаси фаранг эдим, биласан-а…
  • Ҳа, биламан, колхозчилардан ҳам, совхозларда ишловчилардан ҳам пора олардингиз. Бир айланиб фирмач бўлдингиз қолдингиз, Сизнинг фирмангиз энг катта фирмалардан бири ака! Унча-мунчаси Сиз билан тирлашолмайди, ака!
  • Ҳа, хўп даврлар эди-да, одамлар содда эди, бир дўқласанг, дарров чўнтагинга пул тиқарди. Айниқса, деҳқонларни кўп шилганман-да. Ҳозир қийин бўлиб кетди, одамлар сувни кўрмай этигини ечмайдиган бўлди, давлат ҳам қаттиқ тураяпти-да. Шундай бўлсаям, миллионта фириб ишлатиб пул топаяпмиз-да, укажон.
  • Истеъдодингизга гап йўқ, устоз.
  • Ҳай, кўраяпсанми, пишиқлигимни, пулни кадрлар бўлими хонасидаги вазага солдираяпман. Милисалар келса ҳам, мен билмайман, деб туравераман. Чунки, пулда менинг бармоқ изларим йўқ, кейин менинг хонам эмас.
  • Ие, қойил сизга, пулни қандай оласиз?!
  • Ҳаммаёқ тинч бўлса, кадрлар бўлими бошлиғига аста шипшитаман, вазани ичидагини олиб кел дейман. У пулни олиб келгач, шафёримга олиб бориб бер, дейман. Шафёрим уйимдаги боғбонга олиб бориб беради. Боғбон уй ичидаги хизматкор аёлга элтиб беради. У эса пулни хотинимга олиб кириб беради. Кўрдингми, қанчалик пишиқ “операция” қиламан, мен. Барибир мендек бўлолмайсанлар, ҳеч қайсинг.
  • Тўғри, устоз, Сиздек бўлолмаймиз, бўлмаса мен кетдим, ов-га-а-а…

 

Кечга қадар Еб Тўймасовичдан дарак бўлмади. Бошлиқ кута-кута тоқати тоқ бўлди. Унга роса қўнғироқ қилди. Афсуски, ундан жавоб бўлмагач, уйига жуфтакни ростлаб қолди. Кечқурун қизи шошиб хонасига кириб келди.

—Дада, дада, пицца буюртирганмисиз, бир бола пицца бериб кетди.

—Йўқ, мен буюртирганим йўқ, ойинг айтмадимикан?

—Ойим пиццани ёмон кўрадилар-ку!

—Ҳа, майли столга қўяқол.

Қўлга Тушмасович Еб Тўймасовичга қўнғироқ қилавериб чарчади, охири телефонини бурчакда турган диванга улоқтирди. Стол устидаги пиццага кўзи тушди. “Пицца емаганимга ҳам анча вақт бўлди, бир татиб кўрсаммикан”, дея у пицца қутисини шоша-пиша очди. Не кўз билан кўрсинки, пиццанинг ўрнига пачка-пачка доллар жойланган экан. Бошлиқнинг кўзлари порлаб кетди. “Бу ерда қанча экан-а, Еб Тўймасович ёмон қув йигит-да, менга сюрприз қилибди-да, баччағар”, деб Қўлга Тушмасович пулни санай кетди. Пул кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйдими, хонасига кириб келган ички ишлар ходимларини ҳам сезмай қолди.

Васил ИЛЁСОВ.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *