ҚИШЛОҚ ТУРИЗМИ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

Жиззахда саноат ривожланиб бораётган бўлса-да, унинг аграр вилоят сифатидаги шуҳрати ҳам сўнгани йўқ. Шу сабаб вилоятда туризмнинг махсус турларидан бўлган агротуризм – қишлоқ туризмини ривожлантиришга кенг имониятлар мавжуд.

Агротуризм (қишлоқ туризми) – бу сайёҳларнинг  чекка қишлоқ ҳудудларига қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи ва анъаналари, урф-одатлари ва удумлари ҳамда қишоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини  кўриш ва уларда иштирок этиш мақсадида ташриф буюришлари ҳисобланади. У биринчи маротаба Францияда  ХХ асрнинг иккинчи ярмида вужудга келган бўлиб, ҳозирда Греция, Малайазия, Германия ва Россияда анча ривожланган.

       Вилоятимизда аграр туризмнинг қулай имкониятлари кўп. Бу  қишлоқлардаги қадимий деҳқончилик ва чорвачилик анъаналари билан боғлиқ бўлса, иккинчидан қарийб 70 йил олдин шаклланган ва  чўл ҳудудлари  ўзлаштирилиши ҳисобига пайдо бўлган туманларидаги аҳоли манзилгоҳларига тўғри келади. Чунки пахтачилик, полизчилик ва ғаллачиликдаги илғор технологиялар агротуризм объектлари бўлиб ҳисобланади. Хусусан, Мирзачўл қовунлари, Зомин асали, Бахмал олмаси, Ғаллаорол чорвачилиги, Фориш узумчилиги ва ҳоказолар ҳудуднинг туризм брендларига айланиб улгурган.

     Хорижий сайёҳлар қишлоқлардаги маҳаллий аҳолининг яшаш тарзи,  ҳунармандчилиги, қадимий аъаналари ва маросимларини кўришга, уларда иштирок этишга қизиқадилар. Сайёҳлар узоқ қишлоқларга боргач, маҳаллий аҳоли билан мулоқот, қишлоқ оилаларидаги ўзаро ижтимоий муносабатлар, азалий қадриятлар билан бирга оила меҳмони сифатида яшаб кўришни истайдилар. Яъни, уларнинг кундалик  уй юмушларини бажариш ва оила даврасида бирга овқатланиш, оиладаги кекса авлод билан суҳбатлашишни исташади. Бу эса қишлоқ аҳлига сайёҳлар учун яшаш шароитларинин яратиш, уйларини миллий безаш ва гигиеник воситаларини талаб даражасига келтириш мажбуриятини қўяди. Қишлоқларда аграр туризмнинг ривожланиши аҳолини иш билан таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб қилишнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда.    Форишнинг Ухум, Ҳаёт ва Можрум қишлоқларида ташкил этилган оилавий меҳмон уйлар, Зомин, Бахмал  туманидаги оилавий меҳмон уйлари, Зомин туманидаги Лайлак уя қишлоғида туячилик фермер хўжалигида туя сутини жойида истеъмол қилиб йўлга қўйилган. Ғаллаорол тумани Қўйтош қишлоғида ғаройиб тошларни кўришга келадиган сайёҳлар сони ортмоқда. Бахмал тумани  Музбулоқ ва Новқа қишлоқларидаги оилавий меҳмон уйлари ҳам махаллий сайёхларни қабул қилмоқда. Аммо буларнинг барчаси вилоятнниг қишлоқ туризми салоҳиятига нисбатан анча паст кўрсатгичдир.  

 Вилоятдаги тоғолди туманларидан Бахмал (Новқа, Жум-жум, Мўғол, Галдировид, Бойқўнғир, Мизбулоқ, Зартепа, Фора қарға, Оқ мўлла), Ғаллаорол (Авлиё ва Қўйтош), Янгиобод (Хўжамушент), Ш.Рашидов тумани (Равот, Олти ҳовуз, Парпи ота, Уч қиз, Увоб), Зомин туманида (Пешағор, Аччи, Бешкуби, Каримсой, Қоронғисой, Сувлисой, Ўриқли, Дуоба, Еттикечув, Ҳулкар) каби 30 га яқин қишлоқларда агротуризмни ташкил этиш истиқболли режаларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Ҳудудларда ташкил этилган фермер хўжаликлари ўз маҳсулотларини сайёҳларнинг татиб кўриши, сотиши, сувенирлар шаклида тақдим қилиш имконини беради. Ўзлаштирилган чўл ҳудудлари М-39 магистрал йўли бўйида жойлашганлигини ҳисобга олсак, йўл бўйи инфратузилмаси сифатида агротуризмни ривожлантириш истиқболли экани ойдинлашади. Аммо ушбу йўл бўйида ташкил қилинган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишга мўлжалланган майдонлар  жаҳон стандартлари талабларига  жавоб беради, дея олмаймиз.

         Жиззахнинг агротуристик (қишлоқ туризми) салоҳияти республикамизнниг бошқа вилоятларига нисбатан юқори эканлиги аҳолининг  70 фоизидан кўпроғи қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилиши, чекка ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларинин қайта ишлаш ва сақлашнинг қадимий тажрибларига эга эканлигида, дейиш мумкин. Узоқ тоғли қишлоқлар табиий қўриқланма ҳудудлар – Зомин давлат қўриқхонаси, Зомин миллий боғи, Айдар-арнасой кўллар тизими , ўрмон хўжаликлари ерлари ва  дарё, кўллар атрофида жойлашганлиги хам асосий омиллардандир. Бу ерларда  хунармандчилик, қадимий миллий спорт ўйинлари, миллий байрамлариннг қадимий анъаналарга биноан нишонланиши хам қишлоқ туризмининг  ривожланишинишида асосий омиллардан бўлиб қолади. 

Лола САНАЕВА,

ЖДПУ кафедра мудири,

    биология фанлари номзоди. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *