НАВРЎЗ КУНЛАРИДА ўз шаҳрингизда сайёҳ бўлинг

Кунлар илиб, сайёҳлик мавсуми бошланмоқда. Наврўз кунлари ишдан, ўқишдан дам олиш онлари кўп бўлади. Ички туризм нафақат ялпи ички маҳсулот, балки саёҳатчининг ўзи учун ҳам фойдали. Маҳаллий сайёҳлик деганда мамлакат ичидаги бошқа ҳудудларга бориш тушунилади. Аммо ўз шаҳрингизда сайёҳ бўлиш ҳақида нима дейсиз? Бунинг ҳам қизиқарли ва фойдали жиҳатлари бор. Кўплаб хорижликларнинг тавсияларига таянган ҳолда газета ўқувчилари учун қуйида таклифлар тайёрладик.

  1. Туристик автобусдан фойдаланинг. Янги жойга борганда, ўзингизни сайёҳдек ҳис қилиш учун махсус автобусдан фойдаланиш ёқимли, шундай эмасми? Аммо буни нима учун  ўз шаҳрингизда қилмаслик керак? Яшайдиган жойингизни қанчалик биласиз? Шаҳрингиз тарихи ҳақида қизиқарли воқеаларни билиб олиш фойдадан холи эмас. Кашф этилган янги жойлар ва маълумотларни қайд этиб боринг. Буни дўстларингиз ва яқинларингиз билан бўлишиш имкони кучаяди.
  2. Эсдалик совғалари харид қилинг. Бу бир қарашда шарт эмасдек туюлади. Аммо бошқа жойларга борсангиз, албатта, яқинларингиз учун харидни амалга оширасиз-ку. Ўзингизни сайёҳ каби тутинг ва шаҳрингиз неъматларини қадрланг.
  3. Эски дўстларингиз билан алоқага чиқинг ва улар билан бирор жойда таомланинг. Иш, оила ташвишлари билан вақт ўтиб, охирги марта қачон дўстларингиз билан дилдан суҳбат қурганингизни унутгандирсиз. Охирги олти ойда шаҳрингизда нечта янги овқатланиш жойлари очилди? Улардан бирига тушлик таом учун ташриф буюринг ва эски дўстларингиз билан мириқиб суҳбатлашинг ҳамда таомланиш бобида қандай янгиликлар таклиф этилаётганини билиб олинг.
  4. Бир кунни маданий ҳордиқ учун ажратинг. Санъатга қизиқсангиз, галереяга, тарихга иштиёқингиз баланд бўлса музейларга боринг. Ўзингизни ҳайратлантиринг, қизиқиш ва хоббиларингизни бойитинг.
  5. Камерани уйда қолдиринг. Саёҳатчилар, одатда ҳар бир қадамни  суратга олишни  хуш кўрадилар. Чунки бу ерларни яна қачон қайтиб кўришини билмайди. Аммо ўз шаҳрингизда бунга эҳтиёж бўлмаслиги  мумкин.       Шунчаки ҳар бир лаҳзангизда роҳатланинг ва суратларга қараб эмас, ўша оннинг  ўзида  табиат ва  теварак-атрофдан роҳатланишга  интилинг. Эҳтимол,  она шаҳрингизни янада кўпроқ яхши кўриб қоларсиз.

 

Хориж манбалари асосида ЖДПУ  инглиз тили амалий курси кафедраси

ўқитувчиси Гулруҳ ҒОФУРОВА тайёрлади.  

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *