ТАМАКИ ТУТУНИДЕК ҲАВОГА УЧАЁТГАН МИЛЛИАРДЛАР

Ўзбекистон бюджети ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси туфайли улкан маблағларни йўқотишда давом этаётгани маълум қилинди. 2024 йил 1 октябрь ҳолатига ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси туфайли давлат бюджети 390,6 млрд сўм солиқ тушумларини бой берган.

Ҳудудлар бўйича тамаки маҳсулотлари яширин бозорининг улушида Фарғона водийси етакчи эканлиги маълум. Аммо бу сафар Жиззах вилояти ҳам “кучли учлик”ка кирди. Вилоятда тамаки маҳсулотлари яширин бозори улуши 21,8 фоизни ташкил этгани аниқланган. Биз кўринишидан кашанда бўлмаганларга алоқаси йўқдек, аслида ҳар биримизнинг чўнтагимиздан оқиб чиқиб кетаётган маблағларга боғлиқ бўлган муаммо ҳақида журналистик суриштирув тайёрладик.

Ноқонуний тамаки савдоси кенг кўламли муаммо бўлиб, бозорни қонунга бўйсунувчи ишлаб чиқарувчилар ва савдо эгаларидан тортиб олади. Давлат бюджетига тушадиган даромадларни камайтиради, ўсмирлар чекишини рағбатлантиради. Шу сабаб у халқаро миқёсда ҳам сердаромад жиноятчилик сафига киради. Нима учун тамаки савдоси ноқонунийлашмоқда?

Тамаки олиб киришда божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи тўланиши керак. Акциз солиғи алкоголь маҳсулотларига ҳам қўлланилиб, фуқароларимиз келгусида алкоголь ва тамаки истеъмолидан зарарланганда, касалхоналар ва бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш орқали уларга ёрдам беришни ташкил этиш мақсадида ундирилади. Ноқонуний йўл билан олиб кирилган тамаки учун на акциз солиғи, на божхона божи, на қўшилган қиймат солиғи тўланади. Натижада  яширин йўллар орқали олиб киришга уриниш кучаяди.

Вилоят божхона бошқармаси масъул ходими Маҳорат Қосимова бошқарма томонидан аниқланган ҳолатлар ҳақида шундай дейди:

-2024 йилнинг ўтган даври мобайнида 7 та ҳолатда 319 млн. 544 минг сўмлик  18 440 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи олди олинган. 2023 йилда бу кўрсаткич 8 та ҳолатда қиймати 35,8 млн. сўмлик тамаки маҳсулотларига тенг бўлган. Жумладан, 10 июнь куни “Қўшкент” чегара постида Тожикистон Республикаси фуқароси Ш.М томонидан олиб келинаётган товарлар юк-кузатув ҳужжатлари асосида холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганида  декларацияланмаган,  қиймати 1400000.0 сўмлик Rossa, Senator, Milano cигаретлари мавжудлиги аниқланган. Умуман, ноқонуний йўллар билан юртимизга кириб келаётган тамаки маҳсулотлари орасида мазкур товар белгилари энг кўп учрайди.Кўриниб турибдики, ўтган йилнинг 9 ойи билан солиштирганда тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга уриниш жорий йилда ниҳоятда кучайган. Шунингдек, халқ тилида “яма” сифатида сақланиб келинаётган 10 нуқта фош этилган.

Вилоят солиқ бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Жиззах вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда алькоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган тезкор тадбирларда алькоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний муомалага киритиш билан боғлиқ 42 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатларнинг 18 тасига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва 24 та ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар юритилган. Ҳуқуқбузарлардан ҳеч қандай кирим ҳужжатларисиз савдога қўйилган 939 миллион 500 минг сўмлик алькоголь ва тамаки маҳсулотлари далилий ашё  тариқасида олиб қўйилган.  Қонунбузар хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жами 187 миллион 900 минг сўмлик молиявий жарима қўлланилди.

Афсуски, масъул идоралар томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан яширин бозор улуши юқориламоқда. Биз 22 нафар кашанда билан суҳбатлашиб, уларнинг сигарет сотиб олишда нимага эътибор қаратишига қизиқдик. Қайси марка кўпроқ харидоргир экани ҳақида реклама қилмай қўяқолайлик. Энг муҳим кўрсаткич, кутганимиздек, нарх бўлиб турибди. Масалан, бир қути ўртамиёна сигарет “пештахта остида” 15-20 минг сўм, акциз марка ёпиштирилганини эса 25 000 сўмга сотиб олиш мумкин. Аммо бу ўринда контрафакт маҳсулотнинг организмга улкан зарари ҳақида гапирмаслик виждонсизлик бўлади.

Ноқонуний олиб кирилган тамаки маҳсулоти таркибида никотин моддаси стандартлар асосида ишлаб чиқарилган тамакига қараганда бир неча марта юқори бўлади. Натижада контрафакт маҳсулотни чеккан одам кўпроқ сармаст бўлади. Унга айнан шу маҳсулот яхшироқ туюлади. Аслида сигаретнинг ўзи турган-битгани зарар. Ноқонуний ишлаб чиқарилгани ҳақида ана энди ўзингиз хулоса қилаверинг. Юқори никотин фоизи сабаб ўсмирларда чекишга қарамлик тезроқ юзага келади. Натижада оилада муаммолар сони яна биттага ошади.

Виждонли сотувчи албатта, ноқонуний тамаки сотмайди. Ўсмирларга умуман хизмат кўрсатмайди. Аммо муаммони фақатгина масъул идораларга ёки одамларнинг ўзига тиркаб ҳал қилиб бўлмайди. Реал даромадлар ошмаслиги одамларни сифатсиз бўлса-да, арзон маҳсулотларни излашга мажбур қилади. Эҳтимол, сигарет чекиш соғлиққа зиёнлиги ҳақидаги ҳақиқат олдида бу фикримиз бемаъни туюлар. Аммо контрафакт маҳсулотлар фақатгина тамаки эмас, озиқ-овқат  маҳсулотлари ҳам бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда масалага аҳоли даромадларини кўтариш жиҳатидан ҳам ечим топиш мумкин. Бу инсофли солиқ тўловчи бўлган савдо эгаларига ҳам фойдали. Агар чекувчи харидор дўконда сигарет нархи бошқа жойларга қараганда қимматлигини кўрса, нон ва бошқа озиқ маҳсулотлари учун ҳам келишни тўхтатади. Натижада яна бир тадбиркорнинг бизнеси сустлашади. Жамоатчиликни рағбатлантириш ҳам самарали бўлиши мумкин. Сир эмаски,  ҳозирда йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ёки экологик, солиқ ҳуқуқбузарликлари учун жаримадан тушган маблағдан рағбатлантириш механизми анча жонланган.

Бу мавзуда ҳамма ёқ қора тусда эмас. Ижобий кутилмалар ҳам мавжуд. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси маълумотига кўра, 2023 йилнинг мос даврига солиштирилганда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда яширин айланмаларни жиловлаш ҳисобига бюджетга 17 фоизга кўп акциз солиғи тушуми таъминланган.

Шу ўринда чекувчиларнинг соғлиги ва оилавий бюджетни ўйлаб қайғурадиган яқинларини яширин тамаки савдосига дуч келганда тегишли идораларга хабар беришга чақирамиз. Масалан, (71) 202 86 90 телефон рақами этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини муомалага киритиш ёки ишлаб чиқаришда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолатлари ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясига хабар бериш  рақами. Тамаки маҳсулотларининг яширин савдоси кўлами жуда катта эканлиги боис улардан ундирилиши мумкин бўлган солиқлар ўрни бўш қолаётгани бюджет тақчиллигига сезиларли ҳисса қўшади. Бюджет пуллари эса маҳаллалар ободлиги, янги шифохона, мактаб, болалар ўйингоҳлари қурилиши, умуман, ҳаётимизни енгиллаштирувчи ўзгаришларга сарфланади.Хуллас, ноқонуний тамаки савдоси – чекмайдиганларнинг ҳам муаммоси. Эътиборсиз бўлмайлик.

Муқаддас САПАРОВА.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *