КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИГА ТЎСИҚ

Коррупция балоси асрлар давомида трансмиллий муаммо сифатида нафақат давлатлар сиёсатининг, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам эътибор марказида бўлиб келмоқда. Сўзимизнинг исботи ўлароқ, бу борада БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш ўз мурожаатида қуйидагича таъкидлайди: “Коррупция жиноят, ахлоқсизлик ва ижтимоий ишончга нисбатан қилинган энг разил хиёнатдир”.

Коррупция жамиятни турли хил йўллар билан исканжага соладиган разил иллатдир. Ушбу зарарли иллатга чек қўйиш бўйича дунё ҳамжамияти томонидан тизимли чоралар амалга оширилаётган бўлсада, ҳали ҳануз уни батамом бартараф этиш глобал муаммо бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш чоралари қай даражада?

Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши муросасиз кураш йўлида доимий равишда чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Ўзбекистонда кейинги беш йилликда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг муҳим сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026-йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида давлат хизматида коррупция омилларини бартараф этиш, кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш ва мол-мулкларини декларация қилиш тизимини жорий этиш, аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан ҳоли қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилиши таъминлаш сингари устувор вазифалар қатъий белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида иштирок этди. Мазкур йиғилишда мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо берилиб, келгусидаги вазифалар белгиланди. Шунингдек, Президентимиз томонидан муҳим ташаббус илгари сурилди. Унга кўра, коррупциянинг, айниқса, маиший коррупцияни офис ёки хоналардан эмас, балки жойларга – маҳаллаларга чиқиб, одамларнинг муаммоларини эшитиб аниқлаш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларни аҳолининг фикрлари асосида қуйидан шакллантириш лозимлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди. Миллий кенгаш йиғилишида давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари ва нодавлат ташкилотларига мурожаат қилиб, коррупцияга қарши кураш – умуммиллий вазифа ва ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканлигини, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги кераклигини алоҳида қайд этган эдилар. 

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, 2024 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашга қаратилган 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. 2024 йилнинг 5 июль санасида қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил  21 июнь санасидаги ПҚ-228-сонли қарори асосида “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” ташкил этилганлиги шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси ва “Коррупцияга қарши тўғрисида”ги Қонуннинг 81-моддасида белгиланган нормаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тайёрланган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза (2024 йил) маълумотларига ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Миллий маърузада мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва комплекс чора-тадбирлар, хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг ижроси, соҳага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияга оид жиноятчилик тенденцияси, давлат органлари ва ташкилотларининг коррупциянинг олдини олишдаги фаолияти бўйича атрофлича маълумотлар берилган.

Хусусан, унда таъкидланишича, 2024 йилда республика бўйича судлар томонидан жами 4 649 та жиноят иши бўйича 7 354 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 1 525 нафари ёки 20 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига жами 2 трлн 812 млрд сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди. 2024 йилда 123 та ҳолатда ишга жойлашиш ҳамда 292 та ҳолатда банк кредитларини ажратиш, 640 та ҳолатда бюджет маблағидан фойдаланиш билан боғлиқ коррупцияга оид жиноятлар аниқланган.
Миллий маърузада келтирилишича, “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2024 йил якунлари бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 32 балл билан 121-ўринни эгаллади, ўтган 2023 йилга нисбатан 1 баллга (2023 йилда 33 балл билан 121-ўрин) камайган ҳолда эгалланган ўрнимиз ўзгаришсиз қолган, лекин сўнгги етти йилга солиштирганда эса – 37 поғона юқорилаган.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан юқоридаги маълумотларда кўрсатилган рақамлар бу борадаги курашни янада кучайтириш лозимлигидан далолат беради. Бугунги кунда Президентимиз нафақат коррупцияга қарши курашишда, балки барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг пойдевори илмга асосланмоғи зарурлигини алоҳида таъкидлаб келмоқда. Давлатимиз раҳбари бир неча бор қайд этганидек, агар фаолиятимиз чуқур илмий таҳлил ва асосга эга бўлмаса, ҳеч бир ислоҳот кутилган натижани бермайди. Шу боис ҳар қандай янгиланиш ва ўзгариш аввало илмга таянган ҳолда амалга оширилиши лозим. Афсуски, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш борасида энг долзарб масалаларни чуқур таҳлил қилувчи комплекс социологик, илмий ва амалий тадқиқотлар ҳали ҳануз тизимли асосда йўлга қўйилмаган. Холбуки, коррупциянинг илдизига етиб бориш, унинг сабаблари ва оқибатларини аниқлаш, шунингдек, самарали чораларни ишлаб чиқиш айнан илмий изланишларга таянишни талаб этади.

2025 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-288-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат соҳадаги ёндашувни тубдан янгилаш, хусусан, коррупцияга қарши курашишни илмий асосда ташкил этиш, фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш ва илмий изланишларни тизимли қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратишни кўзда тутади. Энг эътиборлиси шундаки, мазкур қарорда бевосита жойлардаги, яъни аҳолининг кундалик ҳаётида энг кўп дуч келаётган муаммолар мавжуд бўлган ҳудудлар ва соҳаларда коррупциявий омилларнинг олдини олиш бўйича аниқ, амалий ечимлар белгилаб берилган. Бу эса коррупцияга қарши курашда нафақат марказий даражадаги, балки маҳаллий муаммоларни ҳам илмий асосда ҳал этиш заруратини англатади. Мазкур қарор асосида коррупцияга қарши курашиш бўйича замонавий стандартлар ва илмий ёндошувга асосланган тадқиқотлар, сўровлар, таҳлиллар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш тизими йўлга қўйилади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда хулоса қиладиган бўлсак, коррупцияга қарши муросасиз кураш йўлида амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар мамлакатимизда коррупцияга нисбатан тоқатсиз муҳит яратилишида, бу борада қатъий жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига, коррупцияга қарши курашиш ишларига кенг жамоатчиликни жалб этишга, барча соҳаларда коррупция омилларини бартараф қилишнинг замонавий ҳамда илмий ёндошувларга таянган ечимларни ишлаб чиқишга, бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, энг муҳими – инсонларнинг оғирини енгил қилиш орқали бугунги ислоҳотларга, келажакка бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Ҳамид АКМАЛОВ
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ходими,
Тошкент давлат юридик университети магистранти.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *