ДУНЁ БОШ МИНБАРИДАН ЯНГРАГАН НУТҚ

 Ҳар қандай  давлатнинг халқаро нуфузини баҳолашда ва унинг  дунё давлатлари ичидаги мавқеини аниқлашда ушбу давлатнинг  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан билдирган позицияси муҳим мезонлардан ҳисобланади. Чунки БМТ – бу дунёнинг турли бурчакларидаги давлатлар учун ягона дипломатик саҳна, жаҳон миқёсидаги муаммолар ва ечимлар муҳокама этиладиган кенг майдондир.

           Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов кўпроқ ички барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга эътибор қаратган бўлса, Давлат раҳбари сифатида Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг юксак минбаридан сўзлаган нутқлари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда янги йўналишга ўтганини яққол кўрсатади.

           1992  йил 2 мартда БМТга аъзо бўлган суверен Ўзбекистон, ўз мустақиллигининг илк кунлариданоқ халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида майдонга чиқди ва бугун ушбу тузилманинг глобал кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этувчи давлат даражасига кўтарилди.

           1993 йилда Тошкентда БМТ ваколатхонасининг очилиши эса Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги муносабатлар тарихида бурилиш нуқтасига айланди.

           Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23-сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи бу нуфузли ташкилот минбаридан 5-марта чиқиши бўлиб, алоҳида аҳамиятга молик воқеадир.

          Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг ҳар бир сессиясида иштирок этиши ва нутқи дунё ҳамжамиятининг ҳамиша диққат марказида бўлган, эътироф этилган ҳамда халқаро даражадаги нуфузли ОАВда доимий ёритиб борилган, ижобий баҳоланган.

          Президентимиз Шавкат Мирзиёев илк бор 2017 йил 19 сентябрь куни, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаган эди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги янги ёндашувлари ва халқаро ҳамжамият учун долзарб бўлган масалаларга тўхталиб, биринчи галда  минтақа мамлакатлари билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши эканини таъкидлади.

           Иккинчи бор Президентимиз  2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 75–сессиясида нутқ сўзлади. 

           Бош Ассамблеянинг етмиш бешинчи сессияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида биринчи марта бутунлай янги форматда – коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот режимида бўлиб ўтди.

           Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75- сессиясида биринчи марта  ўзбек тилида чиқиш қилар экан шундай таъкидлади: “Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади.  Шу  йўлда  барчамиз  ҳукуматлар,  парламентлар ва  фуқаролик  жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда  ривожлантириш,  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми
ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англадик. Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини,  саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир”.

         Президентимиз Шавкат Мирзиёев учинчи бор БМТ Бош Ассамблеясининг 76 –сессиясида 2021 йил 21 сентябрь куни видеомурожаат билан сўзга чиқди.

           2023 йил 20 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев АҚШда бўлиб, БМТнинг 78-сессиясида нутқ сўзлади. Бу юртбошимизнинг БМТ Бош Ассамблеялари сессиясидаги тўртинчи чиқиши бўлиб, унда Президентимиз янги шароитларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бораётганини қайд этган ҳолда  Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора кучаётганлиги, иқлим  ўзгаришлари, оммавий миграция оқимларининг кўпайиши, анъанавий қадриятлар завол топаётганлигини таъкидлади.

          Президентимиз ўз нутқида эътиборни Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш демократик ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этишини, сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлигини, гендер тенгликни, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида қатъий қадамлар ташланаётганлигини таъкидлаб, фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборат Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилганига қаратди ва  “Асосий мақсадимиз – 2030-йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришдир. Бу режамиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030-йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари руҳига уйғун эканини таъкидлаш лозим”, – деди Ўзбекистон етакчиси.

             Президентимиз Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатъий давом эттирилишини таъкидлаб,  “Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантиришдир. Бунинг учун биз қўшни ва ёндош минтақалар билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз”, – деб  сессия иштирокчилари бўлган давлат раҳбарларига мурожаат қилди Давлатимиз раҳбари.

            Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сургани ҳақида маълум қилинди. Шу муносабат билан Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми экани  яна бир бор таъкидланди.  “Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан  нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим”, – деб таъкидлади Президент.

           Шу билан бир қаторда БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023-йилда Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги  Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклифини берди. “Ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган, экологик офат маркази бўлган, Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, атроф-муҳит бўйича Ассамблеяда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқчимиз”, – деди Ўзбекистон етакчиси.

          Давлатимиз  раҳбари Шавкат Мирзиёев 2025 йил 23-сентябрь куни    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани – 80-сессияси  ишида  иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессияларидаги 5-марта иштироки бўлиб, халқаро ҳамжамият томонидан ҳар томонлама  ва юксак даражада эътироф этилди.

        Президентимиз ўз нутқида ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашаётгани, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаётгани, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошаётгани, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бораётгани натижасида янги, хавотирли геосиёсий воқелик вужудга келаётганини таъкидлади.

          Шу билан бирга Президентимиз Ўзбекистон томони бу борада “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини, келажак учун пактга қатъий содиқлигини тасдиқлади.

          Жумладан Президентимиз ўз нутқида: “Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз. Биз Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини олиб бормоқдамиз. Бунинг учун ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттиряпмиз. Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир”, деб таъкидлади.

          Давлатимиз раҳбари ўз сўзида Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг бориши тўғрисида тўхтаб қуйидагиларни таъкидлади: “Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришдик. Бунга, аввало, таълим ва илм-фан соҳасини ўзгартириш, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этиш, «яшил» энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш ва натижада миллионлаб иш ўринлари яратиш орқали эришмоқдамиз. Мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. Энг асосийси — ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси ва нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қарамоқдамиз. Педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этамиз”.

        Шунингдек, Президентимиз мамлакатда илғор соғлиқни сақлаш тизими яратилаётганига ва  яна бир муҳим йўналиш – гендер сиёсатига тўхталди.        Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида олган мажбуриятларига содиқлигини ва 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришини таъкидлади.

          “Ўзбекистон  очиқ ва прагматик сиёсатни изчил давом эттиради.        Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик.  Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди. Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайди. Биз қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналарини ташкил қиляпмиз, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз.  Шуни қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди”, деб сессия қатнашчиларига мурожаат қилди Президентимиз.

        Шавкат Мирзиёев  ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш, қолаверса,  Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

          Бундан ташқари Президентимиз Афғонистон мамлакати орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.  Ғазо секторидаги тобора  ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдирмаган ҳолда  ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақириб, БМТ резолюцияларига мувофиқ,  “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий талаб қилди.         Украина атрофидаги вазиятни ҳам   дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлади.

           Президентимиз бугунги таҳдидларга тўла дунёда глобал транспорт тизими нақадар заиф эканлигига эътиборни қаратиб,  бу муаммолар, биринчи навбатда, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг барқарорлигига салбий таъсирини  кўрсатган ҳолда          Халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш мақсадида “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этиш вақти келганлигини таъкидлади.

        Бундан ташқари Юртбошимиз  тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам алоҳида тўхталиб, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлигига эътиборни қаратди. Шу билан бирга Президентимиз         сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилганлигини, 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинишини таъкидлади.

          Шавкат Мирзиёев яна бир муҳим муаммо бўлган  – сув ресурсларининг тақчиллигига тўхталиб,  айни вақтда дунё аҳолисининг икки миллиарддан ортиғи тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмаслигидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилганлигини ва  бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилинишини таъкидлади. Бундан ташқари   Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграциясининг кучайиб бораётганганлигини кўрсатиб, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаганлигини урғу берди ва Ўзбекистоннинг   бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш лозимлигини айтди. Президентимиз  Глобаллашув даврида   мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб,  Соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратишни таклиф этди.

         Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида сессия иштирокчиларига мурожаат қилиб шундай тўхталди: “ Яна бир устувор масалага алоҳида тўхталмоқчиман.         Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир.

           Бу борада “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурамиз. Биз жамиятимиздаги бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширмоқдамиз.   Шу билан бирга, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаол давом эттирамиз. Яқин ойларда кенг минтақамиз учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси марказини очамиз.  Буюк аждодларимиз — мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятидамиз”, деб ўз чиқишини якунлади Шавкат Мирзиёев.

         Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида илгари сурган ташаббус ва таклифларидан шундай  хулоса қилиш мумкин:

          1.Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдори.

           2.Янги Ўзбекистон халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга доим тайёр.

 Ботир УЗОҚОВ,
Зоир ЁДГОРОВ,

Гулмира АЗАМАТОВА,

ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчилари.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *