ТАБИАТНИНГ ЎЗИ ТАБИБ

“Жиззах ҳақиқати”нинг 16 декабрда чоп этилган 101-сонидаги “Олдимиздан оққан сувнинг қадрига етайлик” сарлавҳали мақолани қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Мақолада ҳақиқатан ҳам жуда долзарб муаммо кўтарилган. Чунки, вилоятимиз доривор ўсимликларга бой ҳудуд ҳисобланади.

Масалан кўпчилик тапинамбур ўсимлигини ҳовлига экиладиган оддий гул сифатида билади, бироқ унинг озуқавий, косметологик ва даволовчи хусусиятлари борлигидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Тапинамбур кўп йиллик ўсимлик бўлиб, кунгабоқарлар оиласига мансуб.

Топинамбур турли хил об ҳаво шароитида ўсиб ривожланишга мослашган. Бақувват илдизлари туфайли қуруқ иқлим шароитига ҳам қишнинг совуғига ҳам яхши бардош беради. Унинг илдизмевалари дастлабки тўрт йилда яхши ҳосил беради, ўсимлик 30 йилгача яшаши мумкин. Тапинамбур илдизмеваларида витаминлар, минераллар, оқсиллар, темир моддаси, клетчатка, алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар, органик моддалар, пектин каби фойдали ва доривор моддалар мавжуд.

Тапинамбур қандли диабетга чалинган инсонлар учун жуда фойдали. Унинг таркибида инулин ва инсулиннинг табиий аналоглари мавжуд, шунинг учун илдиз меваларини хомлигича ёки қовурилган ҳолда мунтазам истеъмол қилиш қондаги қанд миқдорини туширади. Ундан ташқари подагра, сийдик тош касаллиги, камқонлик, остеохондроз ва семиришдан азият чекаётган беморларга жуда фойдали.

Тапинамбур илдизмевасидан тайёрланган қайнатма ва қиём (сироп)нинг шифобахш хусусиятлари жуда кўп бўлиб, уни ичак микрофлорасини тиклаш, модда алмашинувини яхшилаш, қон босимини нормаллаштириш, гемоглобин миқдорини ошириш, қондаги қанд миқдорини меъёрлаштириш, юрак қон томир системаси фаолиятини, меъда ости бези ишини яхшилаш, жиғилдон қайнашини йўқ қилишда ёрдам беради. Ўзида инсулин ва клетчаткани кўп сақлагани сабабли яхшигина антитоксик хоссага эга. Шунинг учун организмни оғир металл тузлари, радионуклидлар, токсинлар ва холестериндан самарали тозалайди. Ундан ташкари ажинларни йўқотиш учун косметологияда кенг фойдаланилади.

Охмурод ХУДОЙНАЗАРОВ,
вилоят ОИТСга қарши курашиш
марказининг врачи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *