ПИЛЛАКОРЛАРНИНГ БЕОРОМ КУНЛАРИ БОШЛАНДИ

Ҳукуматимиз томонидан сўнгги йилларда пиллачилик ва ипакчилик соҳасини янги босқичга кўтариш, тизимга янги лойиҳалар ва инвестиция киритиш, моддий манфаатдорликни ошириш бўйича  соҳага тааллуқли қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, 2024 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун устувор йўналишлар белгиланди. Соҳада инвестиция муҳитини яхшилаш, хомашё базасини кенгайтириш, ипак қурти уруғи ҳажмини кўпайтириш, пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали соҳадаги бандликни икки баробарга ошириш, бозор механизмларини жадаллаштириш вазифалари белгиланди.

 Ўтган йили “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги вилоятимизнинг пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 6 миллион 341 минг АҚШ долларилик маҳсулот Ҳиндистон, Вьетнам, Озарбойжон ва Тожикистон Республикасига экспорт қилинди.

 —Жорий йилда вилоятимиз пиллакорлари 16669 қути ипак қурти уруғидан 1000 тонналик хирмон яратишни ният қилишган,—дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ раҳбари Кенжабой Куканов. Бунинг учун 6455 нафар фермер хўжаликлари, 1112 нафар касаначилар билан шартномалар тузилган.

Бир қутида 19,5 грамм ипак қурти бўлиб, ундан саноат учун 50-55 килограмм пилла олинади. Агар бир килограмм пилла учун касаначига 40000 сўмдан меҳнат ҳақи тўланишини ҳисобга олсак, бир қути ипак қуртини парваришлаган пиллакор бир ойда икки миллион сўмдан ортиқ даромад топиши мумкин. 

Сўнгги йилларда республикамизда пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қатор қабул қилинган ҳукумат қарорлари ҳаётга изчил татбиқ этилаётир. Пилла хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, бу йил баҳор мавсумида вилоят бўйича  6 миллион 404 000 туп тут кўчатлари якка қаторларга ҳамда қайта ўзлаштирилган тутзорларга экилди. Ипак қуртининг озуқа захирасини яратиш учун яна 229,3 гектар майдонда маҳаллийлаштирилган тут кўчати навлари парвариш қилинаётир.

 Айни пайтда вилоятимизда маҳаллий ҳамда Хитой ипак қурти уруғини жонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *