Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ барча вилоятлар сингари Жиззах вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳузурида ҳам махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси қайта ташкил этилиб, ушбу бўлинманинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди. Бугунги кунда ушбу бўлинма томонидан амалга оширилаётган ижобий ишлар кўзга яққол ташланмоқда.
Эндиликда ушбу бўлинма алоҳида замонавий маъмурий бинога эга бўлиши билан бирга 5 миллиард 985 миллион сўмлик замонавий махсус техникалар билан таъминланди. Ушбу махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси Жиззах шаҳри ва барча туман марказларига ҳамда 111 та светофор билан тартибга солинган объектларга хизмат кўрсатади.
Ушбу бўлинма қайта ташкил этилгандан буён шу кунга қадар вилоят миқёсида 35 та светофор объектлари қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса, 7 та светофор объектларида қайта реконструкция ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга вилоятимиз ҳудудидаги автомобиль йўлларига 800 дан зиёд янги йўл белгилари ўрнатилиб, 700 дан зиёд яроқсиз ҳолга келиб қолган эски турдаги йўл белгилари юқори интенсивли нур қайтарувчи замонавий йўл белгиларига алмаштирилди.
Жорий йилнинг шу кунига қадар вилоятимизнинг шаҳар ва туманлари ҳудудидаги автомобиль йўлларига 40 минг квадрат метр ётиқ йўл чизиқлари чизилган, 160 дан ортиқ пиёдалар ўтиш жойларининг ётиқ йўл чизиқлари янгиланди.
Албатта ушбу махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси томонидан ҳаракат хавфсизлигини тўғри ташкил этиш мақсадида амалга оширилаётган ижобий ишлар келгусида содир этилиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.
Эркин ОЧИЛОВ,
вилоят ИИБ ЖХХ
ЙҲХБ катта инспектори, майор.