Зомин воҳасида кўплаб тарихий ғорлар, 250 дан ортиқ тепаликлар, карвонсарой ва қўрғонлар, кўҳна шаҳристонлар ўринлари мавжуд бўлиб, улар ҳозир ҳам чуқур илмий-археологик тадқиқотлар туфайли янги, қизиқарли маълумотлар бериши аниқ.
“Минк”—Миқ қалъаси Зомин туманидаги Еттикечувсой бўйлаб баланд қоялар орасида жойлашган. Еттикечувсойнинг чап қирғоғида жойлашган қарама-қарши баланд қирлар бағрида қадим қўрғон қолдиқлари кўзга ташланади. Қўрғоннинг ўнг томонидан яна ҳам баланд бир қирда қачонлардир ҳайбатли қалъа, ҳозирда эса маҳобатли деворларигина қолган Миқ қалъаси бўй кўрсатиб туради.
Араб сайёҳи Ибн Хавқалнинг ёзишича, Уструшонада, Марсманд шаҳри яқинида Миқ рустагида темир қазиб олинган. Бу конлардан қазиб олинган темир Фарғона ва Мовароуннаҳргина эмас, балки Хуросон ва Ироққача етиб борган. “Минк”— Миқ конлари қолдиқлари бўлмиш конлар ҳам ўз даврининг жуда улкан қазилма конларидан бири эди. Конларни қазишда “олов услуби”дан фойдаланилган. Қазилаётган жойда гулхан ёқилиб қиздирилган тоғ жинсига сув сепилган. Бир неча бор шу усул такрорлангач, жинслар ёрилиб қазиб олиш осонлашаверган. Қадимги кончилар Миқ конларида ҳеч бир мустаҳкамлагичсиз, устунсиз иш олиб боришган, қаттиқ тоғ жинслари шунга имкон туғдирган.
Моргузар тоғининг шимолий этакларида Еттикечувсой ҳавзасида эрамизнинг VI-X асрларида темир қазиб олинган “Муғ қалъаси” номи билан машҳур қалъалар ва қадимги шахта конлари бор. Бу жойдан қазиб олинган темир рудасидан Хуросонда “исфаҳоний қиличлар” тайёрланганлиги ҳақида ўша даврларда яшаб ўтган араб сайёҳлари Ал-Муқаддасий, Ибн Хордадбеҳ, Ибн Қудамаларнинг ёзма битиклари бор. Археолог олимлар А.Грицина, Л.Сверчков ва бошқалар ана шу тарихий манзилларни топишди.
Бундан бир неча йил бурун Миқда археологлар қазув ишларини олиб боришди. Жуда қадимги тангалар, уй-рўзғор жиҳозлари, матолар қолдиқлари топилди. Буларнинг бари қадим оташпараст кончиларнинг ҳаётига тааллуқли эди… Миқдан топилган қадимги тангалар, найза ва камон учлари, номаълум жисмлар Зомин Тарих музейи кўргазма залларидан ҳам ўрин олган.
Ойгул МУСУРМОНОВА,
Зомин Тарих музейининг етакчи мутахассиси.