ТЕАТР САНЪАТИГА БОЛАЛИКДАН ЙЎЛ

Театр санъатларнинг энг қадимийси, тарбия жиҳатдан ўзига хос, қизиқарли ижод маҳсули ҳисобланади. Кичкинтойлар билан болалар театрларига борганда ушбу санъат турининг аҳамияти дарҳол билинади – болалар жонли ижродаги эртак ва саҳна асарларини ўзгача таассурот билан эслаб юришади.

Ёшларни эзгу ғоялар асосида тарбиялашда, уларнинг маданияти, маънавияти ва дунёқарашини кенгайтириш ҳамда беғубор қалбларини мунаввар туйғулар билан ошно қилиш келажакда етук, баркамол, ватанга муҳаббат, ота-онага хурмат, фарзандлик бурчини юракдан адо этиш, эл манфаати йўлида фидойилик ва инсонийлик фазилатлари руҳида камол топтириш, хуллас бир сўз билан айтганда ватанпарварлик руҳида тарбияланиши учун санъатнинг таъсирчан воситаларидан бири бу, театрдир. Театр санъатининг қудрати шундаки, у драматург, актёр, режиссёр, рассом, созанда, раққос ва бошқа кўплаб саҳна арбобларининг ижодий меҳнатини бир бутун қилиб бирлаштирувчи коллектив ижодкордир.

Жажжи болажонларимиз учун театрлар ичида қўғирчоқ театрининг ўрни ва аҳамияти жуда мухимдир. Қўғирчоқ театри томошалари болаларга бир олам завқ бағишлайди. Улар онгида меҳр-муҳаббат, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги тушунчаларни пайдо қилади. Хўш, кичкинтойларнинг ўзлари актёр бўлса-чи?

Жорий ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим ташкилотларида  ташкил этилаётган “Турон кичкинтойлари” болалар театр жамоалари ёш авлодга янги имконият бахш этиш билан бирга уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, эстетик тарбия бериш ва ижтимоий-коммуникатив кўникмаларни шакллантиришни мақсад қилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган низом асосида мактабгача таълим муассасаларида 4-7 ёшли тарбияланувчилардан иборат ижодий жамоалар шакллантирилаётир.  Ижодий гуруҳ раҳбари бошчилигида тўгарак машғулотлари ўтказилмоқда.

Низомга кўра, болалар иштирокида қўлқопли театр, соя театри ва анъанавий қўғирчоқ театри турлари бўйича саҳна кўринишлари қизиқарли тарзда тайёрланади. Ҳафтанинг жума куни ҳар бир гуруҳда кичик актёрлар иштирокида саҳна кўринишлари намойиш этилади. Бу янгилик кичкинтойларнинг фаоллигини ошириш, ижодий қобилиятини юзага чиқариш ва бир-бирлари билан дўстона мулоқотни амалга оширишда қўл келади.

Болалар иштирокидаги театрнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ёшларни саҳна санъати, саҳна маданиятига ошно қилади. У дунёқарашни шакллантиради,  чунки болаликда олинган ҳар қандай билим ва кўз билан кўрилган таассуротлар, ижро бир умрга бола онгида сақланиб қолади.

Қўғирчоқ театрининг ўзига хос сеҳрли олами, дунёси мавжуд. Сеҳрли оламга саёҳат қилар экансиз, албатта, бош сеҳргарларга дуч келасиз. Одатда бу сеҳргарлар – актёрлар ҳисобланади. Улар ёрдамида биз эртаклар оламига саёҳат қиламиз. Эртак қаҳрамонларининг яхши-ёмон томонларини, саргузаштларини, хуллас, бошидан кечирганларини актёрлар ижроси орқали театр саҳнасида томоша қиламиз. Бу ижро болаларнинг ўзи орқали амалга ошса, унинг таъсири ҳам янада юқори бўлади. Жажжи актёрлар жонсиз бўлган оддийгина қўғирчоқларнинг гапириши, инсон сингари хурсанд ёки хафа бўлиши, ухлашини амалга оширишади. Оғиз ва кўзларини ҳаракатлантириб, моҳирона бошқариб қаҳрамонларга овоз беришади. Қўғирчоқ театрининг сеҳрли оламида қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларини жон-у дили билан амалга ошираётган, шунингдек, уни томоша қилаётган, ундан руҳан озуқа олаётган мурғак қалбларни кўрган кишида эзгулик тарбиясига ишонч уйғонади.

Хулоса қилиб айтганда, мактабгача ёшдаги тарбияланувчиларнинг театр санъатига жалб этилиши уларнинг маданий онггини ошириш билан бирга масъулият, омма олдида чиқиш қилиш, жамоавийлик каби хислатларни шакллантиришда қўл келади. 

Бахтиёр СУВАНКУЛОВ,

ЖДПУ Мактабгача ва бошланғич таълим факультети доценти.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *