Хитойнинг Ҳарбин шаҳри бир ҳафта давомида тўққизинчи қишки Осиё ўйинларига мезбонлик қилди. Ўзбекистон делегацияси унда ўз тарихидаги энг катта таркиб билан иштирок этди. Юртимиз шарафини олтита спорт тури бўйича 24 нафар спортчи ҳимоя қилди.
2026 йилги қишки Олимпия ўйинларига муҳим тайёргарлик вазифасини ўтаган ушбу мусобақа юртимиз қишки спорти учун тарихий аҳамияти билан ёдда қоладиган бўлди – Ўзбекистон делегацияси 26 йиллик танаффусдан кейин қишки Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.
Ҳарбиндаги мусобақада фигурали учиш бўйича терма жамоамиз аъзолари Дмитрий Чигирев ҳамда Екатерина Гейниш жуфтлиги қисқа дастурларда 64,55, эркин машқларда эса 111,88, умумий ҳисобда 176,43 очко тўплаб, энг яхши натижага эришди ва қишки Осиё ўйинлари чемпиони бўлди. Иккинчи ўринни КХДР вакиллари Рём Тэ Ок ва Хан Кум Чол қўлга киритди. Япониялик Юна Нагаока ва Сумитада Моригучи учинчи бўлди.
Бу Ўзбекистон спортчиларининг ушбу Осиё ўйинларидаги ягона медали бўлди.
Ўзбекистон спортчилари илгари олтин медални 1999 йилда Жанубий Кореянинг Кангвон шаҳрида ўтган қишки Осиё ўйинларида қўлга киритган. Фигурали учишда Татьяна Малинина яккалик баҳсларида биринчи бўлган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси қишки Осиё ўйинлари тарихида жами 8 та медалга эга: улардан 2 таси олтин, 2 таси кумуш ва 4 таси бронза медалларини ташкил этади.
Юсуф САЙДАЛИЕВ