ОБОДОНЛАШТИРИШ СОҲАСИДА ҲАР КИМ ИШЛАЙ ОЛМАЙДИ

Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрига йўлингиз тушса, асосий йўлнинг икки ёқасига, истироҳат боғи, хиёбонларга экилган дов-дарахтлар, турфа анвойи гуллар  беихтиёр эътиборингизни тортади. Бир оз тин олиб, гўзалликдан, яшилликдан баҳри-дилингиз яйраб, кайфиятингиз кўтарилади, чарчоқларингиз унут бўлади.  Сиз-у бизга ана шундай кўтаринкиликни, кўнгилга яйратувчи ва яшнатувчи ҳисни уйғотган  инсонлар аслида Жамила Мамадиева меҳнат қилаётган ободонлаштириш бошқармаси жамоасининг ишчи-хизматчилари бўлади.

Туман ободонлаштириш бошқармасида 100  нафар ходим меҳнат қилса, шундан, 30 нафарини аёллар ташкил этади. Тизимда ҳар куни одатдагидек иш тақсимоти белгиланса, баъзан ҳокимлик ва масъуллар топшириғига асосан муҳим байрам тадбирлари  ўтказиладиган майдон ёки иншоот атрофини тартибга келтириш,  парк, хиёбон, боғлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, магистрал ва марказий йўл ва кўчалар, лотокларнинг ҳолати, тозалигига,  тунги чироқларнинг созлиги ва теварак-атрофнинг озодалиги учун масъул ва энг кўп қайғурадиганлар ҳам ободонлаштириш бошқармасининг ишчи-хизматчилари  десак, асло янглишмаймиз.  

Жамила Мамадиева ана шу жамоада ўн бир йилдан бери меҳнат қилиб келади. Нафақага чиққач ҳам уйда ўтиришни ўзига эп бўлмаган аёл яна ишга қайтди. Фарзандлари “Онажон, энди ишламанг, чарчайсиз” деб айтишганда ҳам Жамила опа ўз фикридан қайтмади.

 “Мирзадала” ШФЙда истиқомат қилаётган, меҳнати ортидан жамоаси, маҳалладошлари орасида ҳурмат қозонган оддий қишлоқ аёлининг бахти нимада? 

—Ёш ўтган сари одамни турли касалликлар безовта қилишни бошлар экан,—деб гап бошлайди Жамила Мамадиева. —Баъзан бошинг, гоҳида оёқ-қўлинг қақшайди. Бир куни шифокор ҳузурига борганимда у менга “Кўпроқ юринг, ҳаракат қилинг, шуни ўзи сизга дори, ҳам малҳам бўлади деди. Бояги шифокор маслаҳатига амал қилиб, ишга чиқдим. Вақт ўтган сари оғриқлар, безовталикдан асар ҳам қолмади. Маоши кам бўлсада меҳнати ҳалол шу касб кетидан аввало, соғлом ҳаётга қайтдим, обрў, ҳурмат, эъзоз топдим. Ўтаётган куним давомида ободонлаштириш бошқармасидаги аҳил жамоада ҳамкасблар, опа-сингиллар билан туманда санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ишларни, шу жумладан, кўчалар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган майдонларни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахт, гулларни парвариш қилиш каби масъулиятли ишларни бажариб келаяпмиз. Чўлни обод қилган ота-боболаримиздан сўнг  бугунги  авлодлар Янги Мирзачўлнинг янги гўшаларини обод қилаётганидан фахрланаман. Жамоамиз билан ҳар йили 3000 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, 10 минг туп гул кўчатлари экамиз. Биргина “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 16 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ҳамда 14 минг тупдан ортиқ гул кўчатларини экиб, уларни меҳр билан парваришлаяпмиз. Момомнинг  “Гулларнинг бари жаннатдан тарқалган. Уларга меҳр берсанг, меҳр оласан” деган гаплари кечагидай эсимда қолган.

     —Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш соҳасида ҳар ким ҳам ишлаб кетавермайди,—дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Сафарали Бобохонов. —  У нозик, масъулиятли, машаққатли касб,  инсондан ирода, қунт ва сабрни талаб этади. Жамила опа буни уддалаб келаётган ва ҳаммага ибрат бўладиган ходимларимиздан саналади.

Гул ва кўчатни иссиқ-совуқдан асраш, ўсимликни маҳаллий иқлимга мослаштириш учун кўп вақт ва меҳнат сарфланади. Баъзан табиат инжиқликлари билан курашишга мажбурсиз. Беш-олти йиллик 11000 туп арча, 7000 туп япон сафораси аномал совуқ натижасида қуриб қолганда Жамила Мамадиева сингари барча жонкуяр ходимлар  қаттиқ қайғуришади.

 Эрта тонгдан қуёш ботар маҳалгача, саратоннинг иссиғидан, қишнинг қаҳратонида ҳам йил ўн икки ой  ҳар бир туп дарахт, ниҳоллар, гул ғунчаларини кўпайтириш, парваришлаш, улар билан тиллашиш учун аввало, кўнгил пок бўлиши кераклигини Жамила опа яхши билади. Иш жараёнида Гуллола Худойбердиева сингари ёш ҳамкасбларига, шогирдларига бу ҳақда кўп панд-насиҳатлар беради.

 — Гулни, ниҳолни яхши кўрган одамнинг қалбида ёмонлик бўлмайди, —дейди Жамила Мамадиева. —Тозалик бор жойда барака бўлади. Кейинги пайтда фуқароларимизда экологик маданият анча ўсганини иш жараёнида гувоҳ бўламиз. Одамларнинг муносабати ўзгариб,  меҳнатимиз қадрига етаётганини, баъзан йўл-йўлакай  ҳайдовчилар, йўловчилар ичимликлар, ширинликлар, мевалар билан бизни сийлашади.  Аслида тозалик ва озодалик учун ҳамма масъул ва табиат олдида жавобгар эканлигимизни билишимиз лозим. Шунинг учун ҳам гуллардан, яшилликдан  куч-қувват оламан. Теварак-атрофдан, турфа гўзалликдан яшараман.  Мен эккан  гулларим билан завқланаман, мақтанаман, бирга нафас оламан.

Баҳриддин ака билан беш фарзандни тарбиялаб, саккиз нафар набиралар оғушида умргузаронлик қилаётган Жамила опа хонадони қўшалоқ байрамга уланиб кетди.   Жамила Мамадиеванинг меҳнати хукуматимиз томонидан муносиб рағбатлантирилди. Мустақиллигимизнинг 33-йиллик байрами арафасида   президент фармонига кўра  у “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

  Бугун ўз меҳнати билан  тўкис бахтга эришган аёл ўтаётган кунига шукроналар билдиришдан, инсон қадри, ҳалол касби улуғланаётган юртда эъзоз топганидан миннатдор.

Зоир ЭРГАШЕВ.

 

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *