ОИТС: ХАБАРДОРЛИК ЭНГ ЯХШИ ҲИМОЯ

Афсуски, “XXI аср балоси” деб ном олган ОИТС касаллиги билан касалланганлар сони тобора ошиб бормоқда. Уни даволаш борасида бир қанча ижобий натижаларга эришилган бўлса-да, унинг олдини олиш долзарблигича қолмоқда. ОИТС профилактикаси иммунитет танқислиги вируси (ИТВ) юқишининг олдини олишга қаратилган қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:

1. Ҳимояланган жинсий алоқа
• Презервативлардан фойдаланиш ИТВ юқиш хавфини камайтиради.
• Бир доимий жуфтликка содиқ қолиш.
• Жинсий йўл билан юқадиган касалликларнинг олдини олиш (чунки улар ИТВ юқиш хавфини оширади).

2. Қон орқали юқишнинг олдини олиш

• Стерилланган асбоблардан фойдаланиш (масалан, сўнгги маротаба ишлатилмаган инъекция игналари, татуировка ва косметик манипуляция учун воситалар).
• Қон қуйдириш ёки аъзоларни кўчириб ўтиш (трансплантация ишлари) бўйича фақат текширилган донорлардан фойдаланиш.

3. Оналар ва болаларни ҳимоя қилиш
• Ҳомиладор аёлларда ИТВ учун тест топшириш ва зарурат бўлса, махсус терапияни бошлаш.
• ИТВ юқтирган оналарнинг болани эмизмаслиги тавсия этилади.

4. ОИТСга қарши профилактик дори воситалари
• PrEP (Pre-Exposure Prophylaxis) – ИТВ юқиш хавфи юқори бўлган инсонлар учун махсус дори.
• PEP (Post-Exposure Prophylaxis) – хавфли ҳолатдан кейин 72 соат ичида қабул қилиниши керак бўлган профилактик дори.

5. Аҳолини хабардор қилиш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш
• ИТВ ва ОИТС ҳақидаги маълумотларни тарқатиш.
• Гиёҳвандлик моддаларни истеъмол қилмаслик.
• Давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ташкил этилган профилактик тадбирларда иштирок этиш.

Марказимиз ходимлари томонидан юқорида кўрсатилган профилактик чора тадбирларни вилоятимиз аҳолисига етказиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Иммунитет танқислиги вируси юқишининг олдини олиш учун ҳушёрлик ва юқоридаги хавфсизлик чораларига амал қилиш муҳим. Эрта диагностика ва даволаш ИТВ билан яшовчи инсонлар ҳаётини узайтиради ва касаллик тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради.

Насиба АҲМЕДОВА,
Жиззах вилояти ОИТС га қарши кураш маркази врач эпидемиолог ёрдамчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *