Бир томчи қон! Бу инсонларга ҳаёт бағишлайди. Ҳеч ким фавқулодда ҳодисалар ва оғир хасталиклардан ҳимояланмаган. Азиз инсонлар–ҳар доим бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлайлик! Ўзгалар ҳақида ўйланг. Қон топширинг. Ҳаёт улашинг! Мақсадимизни оқилона англаб кўрсатган ёрдамингиз учун сиздан миннатдормиз!
Бу каби таъсирчан ва маъноли сўзларга вилоят қон қуйиш станцияси биносига кираверишда кўзингиз тушади. Бор гап. Қон ҳамма жойда керак, аммо унга муҳтожлар ҳамма жойда ҳам ололмайди. Хавфсиз қон унга муҳтож бўлган ҳар бир кишига мавжуд бўлишини таъминлаш учун барча мамлакатларда ихтиёрий, тўловсиз ва мунтазам равишда қон топширишга тайёр донорлар бўлиши зарур. Тирик жон борки, қонга муҳтож. Ҳар куни дунё бўйича минглаб инсонлар донор қонига эҳтиёж сезади. Донорлик –одамларга яхшилик қилишнинг энг оддий кўриниши бўлиб, ушбу беғараз, кўнгилли ёрдам қонга эҳтиёжи бор инсонлар учун ҳақиқий кўмакдир. Ҳозирда дунёнинг 70 та давлатида қон захираси кўнгилли донорлик ҳисобига йиғилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига биноан қон таркибий қисмлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун ҳар 1000 аҳолига нисбатан 40-60 тадан қон топшириш керак бўлади. Бизнинг юртимизда эса ҳар 1000 кишига қон топширишлар сони 4, 8 тани ташкил этмоқда.
–Аслида қон олиш миқдори ҳар бир инсоннинг ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади,– деди вилоят қон қуйиш станцияси бош шифокори Ёдгор Якубов.– Камида 350, кўпида эса 450 миллилитр олинади. Низомга кўра, 500 миллилитргача олиш мумкин. Бу ерда асосий мезон одамнинг вазни ҳамда жинси билан боғлиқ. Вазни 70 килограммдан енгил эркаклар, аёллар (80 килограммдан юқори бўлса ҳам), биринчи марта қон топшираётган ва бундан бироз ҳадиксираётган одамлардан кўпинча 350 миллилитр қон олинади. 75 килограммли эркаклардан эса 450 миллилитр олиш бошланади. Қон топшириш интервали эркаклар учун ҳар икки ойни, аёлларда эса уч ойни ташкил этади. Шундай қилиб, эркаклар бир йилда беш маротаба, аёллар бўлса тўрт маротаба қон топшириши мумкин. Умуман олганда, плазма олиш жараёни инсоннинг бевосита аралашувисиз амалга ошади. Махсус аппаратнинг ўзи қонни олади, плазмани ажратади ва эритроцитар массани қайтиб қуяди.
Мутахассис фикрига кўра, қон топширгандан кейин организм йўқотган суюқлигининг миқдорини 36 соат ичида тиклаб олади. Бу унинг ўзини ўзи тиклаш механизмига кўра — нимани йўқотса, ўшанинг ўрни қопланиши билан амалга ошади. Қон топширганда организм ёшариши ҳақидаги факт ана шу ердан келиб чиққан. Донор эски ҳужайрасини беради, бунга мутаносиб ҳолатда организм янгисини ишлаб чиқаради. Баъзан қон топширгандан 36 соат ичида айрим донорлар беҳол бўлиб, қон топширганим учун гемоглобиним тушиб кетибди деб ўйлаб қолишади. Аслида бу гемоглобин билан эмас, организмдан йўқотилган суюқлик билан боғлиқ жараён. Йўқотилган суюқлик миқдори қоплангач ҳаммаси изига тушиб кетади.
–Қон топширишнинг донорга ҳам талайгина фойдалари бор,– дейди шифокор. –Уларнинг қони доим янгиланиб туриши ҳисобига инфаркт, инсульт ва бошқа юрак касалликларига чалиниш хавфи камаяди. Қолаверса, донорлар қон топширишдан олдин врач қабулида бўлади. Бу доимий равишда саломатликлари ҳақида бепул маълумотга эга бўлиш имконини беради. Яна бир эътиборли жиҳати, ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ана шундай бағрикенг ва сахий инсонлар учун «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланишади.
Дарҳақиқат, инсон организми шундай мўъжизаки, қон топшириш саломатлиги учун ниҳоятда фойдалидир. Организмга янгиланишни, ёшаришни ҳадя этади. Марказ шифокорлари ва ҳамширалари ҳам қон топшириш акцияларида мунтазам ихтиёрий иштирок этиб, ташаббус кўрсатади. Шу билан биргаликда режа асосида даволанадиган беморлар ва уларнинг қариндошлари кўнгилли тарзда қон топшириш истагини билдиришади. Энди тасаввур қилиб кўрингга, бир томчи қонингиз туфайли бошқа бир инсоннинг юраги уришда давом этмоқда. Одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳисси ҳамма нарсадан устун, назаримда. Қон топшириш ҳам бир қаҳрамонлик аслида.
Шаҳноза БУТУНБОЕВА.