АЁЛЛАР САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Аёллар орасида учраши мумкин бўлган турли оғир хасталикларнинг олдини олишга қаратилган бепул тиббий кўрикларнинг жорий этилиши жамиятимизда соғлом муҳит, тинч-осойишта ҳаётни таъминлашга хизмат қилаётир.

Республикамиз Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги «Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича Шароф Рашидов туманида жойлашган 48 та маҳаллада истиқомат қилувчи 45-65 ёшлардаги аёллар кўкрак бези саратони касаллигини эрта аниқлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтказилаяпти.

Аёлларга янада қулайлик яратиш мақсадида уларнинг яшаш хонадонидан узоқ масофага бормаслиги ва навбат кутиб ўтирмасликлари учун маҳаллаларга режа асосида кўчма маммография аппарати олиб борилаяпти.

– Февраль ойининг 12 санасидан бошланган мазкур тадбирда ой якунига қадар тумандаги 10381 нафар аёллар тўлиқ текширувдан ўтказилиши белгиланган, – дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош дояси Нилуфар Қулматова. – Вилоят прокурорининг ташаббуси билан ишларнинг тизимли йўлга қўйилгани, патронаж доялари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари натижасида аҳоли масъулият билан кўрикка ўз вақтида келмоқда. Ҳар куни юздан зиёд аёллар тўрт босқичли текширувдан ўтказилаяпти ва натижалар пойтахтдаги кўкрак бези саратони касаллиги бўйича мутахассисларга юборилаяпти. Текширувлардан сўнг маҳалла аёллари билан касалликнинг олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказилиб, хасталикка чалинмаслик борасидаги тавсиялар бериляпти.   

  

Бундан ташқари кўрик давомида 30-50 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни саратони (ББС) скрининги ҳам ўтказилаётир. Текширув натижалари манфий чиққан фуқаролар 10 йилдан сўнг қайта  текширувдан ўтказилиши билдирилиб, мусбат натижа аниқланган аёллар онколог кўригига йўналтирилмоқда. Саратонолди ҳолатлар аниқланган аёллар амбулатор даволаш учун Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий  тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларига йўналтирилаяпти.

Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар ҳудудларда тиббий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда касалликларни эрта аниқлаш имкониятини яратмоқда.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *