Юртимизда цитрус ва тропик меваларга эҳтиёж кўпроқ қиш фаслида кузатилади. Айниқса, қиш мавсумида ўтказиладиган тўй ва бошқа оилавий тадбирларда бу мевалар дастурхонга ўзгача кўрк ва файз киритади. Ҳам тотли, ҳам шифобахш бўлган бу цитрус ва тропик меваларнинг гарчи бозорда нархи қимматроқ бўлсада, меъёрида истеъмол қилиб туришни шифокорлар бежизга тавсия этишмайди.
АНАНАС
Ананас меваси таркибидаги моддалар қон томирларида тромбларни ҳосил бўлишига йўл қўймайди. Ушбу мева шишларга қарши таъсир кўрсатиб, бўйрак, юрак, қон тизими касалликлари билан оғриган беморларга тавсия этилади. Шифокорлар кунига яримта ананасни тановвул қилишни ёки бир стакон шарбатини ичишни маслаҳат беришади. Ананасда олтмишдан ортиқ хушбўй моддалар бўлганлиги учун ҳам унинг ифори ёқимли. Энг фойдали жиҳатлардан бири ананас кишини ортиқча вазндан халос қилади.
АПЕЛЬСИН
Апельсин С витаминига бой бўлиб, қон таркибидаги холестерин ва қанд моддасини камайтириш хусусиятига эга. Бу мева ошқозон-ичак фаолиятини яхшилаб, организмни тозалайди. Жигар, юрак, қон-томир, моддалар алмашинувида фойдали. Иштаҳани очувчи апельсин микроблар, шамоллашга қарши курашишда, организм учун керакли витаминларнинг етишмаганлигида уни тановвул қилишлик асқотади. У қон томирларини мустаҳкамлаб, қон босимни пасайтиради. Мияни фаоллаштириб, иммунитетни кўтаради. Ошқозон кислатаси кўпайиб, киши зарда бўлганда, ўн икки бармоқли ичак безовта бўлганда апельсинни истеъмол қилиш мумкин эмас.
МАНДАРИН
Ошқозон-ичак касалликлари бор кишилар бу мевани ейишда эҳтиёт бўлишлари шарт. Мандаринни оч қоринга ейиш мумкин эмас. Сурункали томоқ ва ангина касалликларида бу меванинг шарбатидан оз-оздан ичиш мумкин. Юқори ҳарорат ва шамоллашда, иштаҳа қочганда, ошқозон фаолияти бузилганда парҳез билан биргаликда таомланишдан ярим соат олдин яримта мева бўлагини истеъмол қилиш кифоя. Эрта тонгда бир стакон оч қоринга мандарин шарбати ичиш бронхит, астмага ёрдам беради. Ҳолсизланган ва тушкунликка тушганда бир неча мандарин пўстини қопқоқли шиша идишга солиб, кун давомида бир неча бор ҳидлаш мумкин. Мандарин пўстидан тайёрланган ниқоб қуруқ терини ёшартиради.
КИВИ
Кивидаги фойдали элементлар организмнинг тез толиқиб қолишидан асрайди. Иммунитетни ошириб, яллиғланиш ва мияга қон қуюлишининг олдини олади. Бу мева асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир қилиб, жаҳлни жиловлайди. Киви камқонликнинг олдини олиб, кўз шиллиқ пардаларини ҳимоялайди. Ҳомиладорлик пайти аёлларга киви ейиш тавсия этилади. Соғлом киши кунига уч-тўрт грамм калий моддасини организмига қабул қилиши керак. Бу мева ўзида етарли калий моддасини жамлаган. Юрак-қон томирлари фаолиятида, гипертония, уйқу босиш, шишлар ва мушаклар билан боғлиқ касалликларда ҳам у фойдали. Юз грамм киви организм учун зарар бўлган бир кунлик магнийга бўлган эҳтиёжни эллик фоизга қондиради. Тутқаноқ, асабийлик ҳолатида кивини тановвул қилиш айни муддаодир.