Ҳар қандай билимга мактабгача таълим ташкилотларида пойдевор қўйилади. Ҳозирги кунда вилоятимизда 1418 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг 235 тасини давлат, 12 тасини хусусий, 1126 тасини оилавий ва 73 тасини давлат хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этади. Вилоятимиздаги 127207 нафар 3-7 ёшли болалардан 93564 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган.
2023 йилнинг биринчи ярмида бола қамрови паст бўлган ҳудудларда 3325 ўринга мўлжалланган 115 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва 6 та давлат хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, сўнги 5 йилда мактабгача таълим ташкилотларига қамров фоизи 16,4 фоиздан 73,6 фоизга ошди.
Жиззах шаҳрининг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида якка тартибдаги тадбиркор Умирзоқова Сарвиноз Илҳом қизи раҳбарлигидаги “СHIKKO” номли оилавий нодавлат таълим ташкилоти фаолиятини бошлади. Маъруфжон Рашидов бошчилигидаги қурувчилар томонидан қисқа муддатда қуриб, фойдаланишга топширилган янги таълим даргоҳида кичкинтойлар учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
Янги оилавий таълим ташкилотининг очилиш маросимида сўзга чиққан Жиззах шаҳар ҳокимининг ўринбосари Суюн Силлиев, Жиззах шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти Дилдора Тўйчиева, меҳнат фахрийси Ҳикматилла Норқулов ҳамда ота-оналардан Бахти Расуловалар мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг туб моҳияти, жумладан, ёш авлод тарбиясига қаратилинаётган эътибор ва ғамҳўрликлар ҳақида гапирдилар.
Рамзий алвон тасма қирқилиб, меҳмонлар янги таълим муассасасида тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Кичкинтойлар ижросидаги қувноқ шеър ва рақслар тадбирга шукуҳлик киритди.
Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)