ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ПАЛЛАЛАР БОШЛАНДИ

Вилоят ҳокимлигида ижроия идора йиғилишини бошлар экан, вилоят ҳокими Эргаш Салиев дастлаб кадрлар таркибидаги ўзгаришлар билан таништирди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят инвестиция ва ҳудудий савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига Иброҳимжон Комилов тайинланди. Мирзачўл тумани ҳокими лавозимига Ботир Мирзакулов, Бахмал тумани ҳокими лавозимига Азиз Эргашев тайинланганини эълон қилди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари солиқ тушумларини ўз вақтида ундириш ва бюджетни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилди.

— Контингент бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичлари Фориш ва Зомин туманларида бажарилмади, -деди Эргаш Салиев иқтисодиётнинг бу муҳим соҳасидаги камчиликларга тўхталиб. — Маҳаллий бюджетни шакллантиришда Зомин, Ғаллаорол, Зарбдор, Мирзачўл, Пахтакор, Фориш туманларида ҳатто прогноз кўрсаткичлари ҳам уддаланмади.

Жиззах шаҳри, Арнасой, Бахмал, Шароф Рашидов, Зафаробод, Янгиобод туманлари бюджетнинг ҳар икки тури бўйича прогноз кўрсаткичларини ошириб бажарди. Қўшимча қиймат солиғи прогноз кўрсаткичлари айрим ҳудудларда 200 фоизга етказиб бажарилган бўлса, Арнасой, Шароф Рашидов, Зомин, Янгиобод туманлари прогноз режаларини бажаролмади.

Маълумки, мамлакатимизда маҳалла тизимида катта ижтимоий ислоҳот амалга оширилди. Вилоятда Маҳаллалар уюшмаси бошқармаси, шаҳар ва туманларда тузилманинг бўлимлари ташкил этилди. Барча шаҳар ва туманлар раҳбарларига маҳаллалар уюшмаси бўлимлари учун жой ажратиш, зарур анжомлар, транспорт воситалари билан таъминлаш вазифаси топширилган эди. Вилоят ҳокими ушбу масалага яна бир бор тўхталиб, Арнасой, Зафаробод, Янгиобод туманлари ва Жиззах шаҳрида топшириқлар ижроси ниҳоясига етказилмаганлигини қайд этди.

Аҳолини иш билан таъминлаш, ўзини-ўзи банд этиши учун кредитлар ажратилмоқда, субсидия асосида зарур ускуналар берилмоқда. Аммо ижтимоий нафақалар олаётган оилалар сони камаймаяпти. Ҳозирги даврда ижтимоий нафақа олаётган оилалар сони 75000 тани ташкил этмоқда. Вилоят раҳбари бу масалани маҳаллалар кесимида ўрганиб чиқиб, ойдинлик киритиш бўйича топшириқ берди.

Жорий йилда вилоятнинг экспорт салоҳиятини кўтариш чоралари кўрилмаяпти. Январь-феврал ойида маҳсулотлар экспорти даражаси 70,4 фоизни ташкил этди. Шундан саноат маҳсулотлари 75,1 фоиз, мева-сабзавот экспорти 58,7 фоизга бажарилди.

Вилоят ҳокими йиғилишда IT соҳасини ҳудудларда ривожлантириш ва экспортини йўлга қўйиш бўйича муҳокама ўтказди. Таъкидландики, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги  Фармонида  2024 йил 1 мартдан бошлаб «Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи» дастури жорий этилиши белгилаб қўйилган. Ушбу дастур доирасида маҳаллаларда ёшлар етакчилари томонидан маҳалла фаоллари иштирокида ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасига қизиқувчи ёшлар аниқланиб, уларни инглиз ва бошқа хорижий тилларга ўқитиш ҳамда сертификатлар олишини ташкил этиш, сертификат олган ёшлар тўғрисида маълумотларни Рақамли технологиялар вазирлигининг махсус ахборот тизимига киритиб бориш амалиёти жорий қилиниши, Рақамли технологиялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан махсус ахборот тизимига киритилган ёшларни IT соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтириш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашиш чоралари кўрилиши белгиланди. Бу вазифаларни бажаришга барча даражадаги раҳбарлар масъул.

Хорижий инвестиция ва кредитларини ўзлаштириш бўйича ҳам ижобий фикрлар билдириш қийин. Ўтган икки ой якунлари бўйича инвестиция киритиш бўйича режани Дўстлик тумани 212, Мирзачўл 107, Фориш 112, Янгиобод 125, Жиззах шаҳри 111 фоизга етказиб бажарди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган ойларида 4705 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Аммо Жиззах шаҳрида режадагидан 14, Зафарободда 6, Пахтакорда 4 та кам ташкил қилинди.

Ижроия идора йиғилишида спорт федерацияларини қўллаб-қувватлаш, ичимлик сувидан бўлган қарздорликларни бартараф этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаатлар ва уларни ижобий ҳал этиш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Асад МУСТАФОЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *