Бугунги кунда коммуникация воситалари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Айниқса, ёш авлод бу воситалар ёрдамида билим олади, янгиликлардан хабардор бўлади, дўстлари билан мулоқот қилади ва ўз фикрини ифода этади.
Шу билан бирга, ушбу воситалар ёшлар тарбияси, маънавияти ва ижтимоий муносабатларига кучли таъсир кўрсатмоқда.Коммуникация воситалари орасида айниқса интернет ва ижтимоий тармоқларнинг роли катта. Улар орқали ёшлар тезкор ахборот олишади, глобал янгиликлар ва фан-техника ютуқларидан хабардор бўлишади, таълим олиш ва ўз устида ишлаш имкониятларига эга бўлишади.
Бироқ бу воситаларнинг салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Нотўғри ахборот тарқалиши, вақтни самарасиз сарфлаш, ғайриижтимоий ёки зарарли контентга дуч келиш, руҳий саломатликка таъсир, ижтимоий фаолликнинг камайиши шулар жумласидан.
Ижобий томони шундаки, тўғри фойдаланилса, бу воситалар ёшларнинг тафаккурини кенгайтиради, ахборот саводхонлигини оширади ва уларга замонавий ҳаётга мослашишда ёрдам беради. Ёшларни коммуникация воситаларидан оқилона фойдаланишга ўргатиш – ота-она, педагог ва жамиятнинг умумий вазифасидир.
Бу борада қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:
– Ахборот технологиялари бўйича махсус маънавий-маърифий дарслар жорий этиш;
– Ёшлар ўртасида ижобий контент тарғиботини кучайтириш;
– Оилада ва мактабда интернет маданияти ҳақида доимий суҳбатлар олиб бориш.
Хулоса қилиб айтганда, коммуникация воситалари ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмидир. Уларни тўғри йўналтириш орқали жамиятимизнинг салоҳиятли, билимли ва маънавиятли ёш авлодини тарбиялаш мумкин.
Тохир БАХТИЁРИЙ,
Жиззах политехника институти
Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси.