Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экологик ҳаракатларни ҳар ким ўзидан бошлаши лозимлигини тарғиб қилувчи “One Health” — “Ягона соғлиқ” тамойилини илгари сурмоқда.
Инсон саломатлиги ҳайвонлар, ўсимликлар ва атроф-муҳит билан муносабатда ҳам шаклланади. Ҳайвонот дунёсига эҳтиёткор бўлиш, ёввойи ҳайвонларга табиий муҳитда яшаш имконини бериш, ишончли манбалардан озиқ-овқат харид қилиш каби тавсияларнинг ҳар бири инсон – ҳайвонот-табиат учлигининг хавфсиз муносабатини кўзда тутади. Улар орасида айниқса, атроф-муҳитни асраш — пиёда юриш, велосипедда ҳаракатланиш, жамоат транспортидан фойдаланиш каби тавсияларга амал қилиш муҳим.

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Тозалик ва озодалик ойлиги” бу тамойил мақсадларига тўла-тўкис мос келади. Чиқинди атроф-муҳит ифлосланишидаги энг оғриқли муаммо. Ойлик доирасида жарималар ва маъмурий баённомаларнинг катта рақами аҳоли ўртасида экологик маданиятнинг ҳали жуда паст эканини кўрсатади. Фикримизга Жиззах шаҳридаги хиёбонлардан далиллар келтирамиз.
Шароф Рашидов хиёбони, Ҳамид Олимжон ва Зулфия боғи, “Хотира майдони”, “Ёшлар боғи”, “Ўрда” экологик боғининг ўзига хос хусусияти нимада, биласизми? Янгитдан яратилган бу боғларда игнабаргли ва манзарали ўсимликларнинг қимматли турлари ўстирилади. Денгиз соҳили ёки баланд тоғларни хуш кўрувчи дарахтлар, буталарни маҳаллий иқлимга мослаштириш осон эмас. Бу катта маблағ, катта меҳнат ва эътибор талаб этади. Шу боис вилоят марказидаги боғ ва хиёбонларни сақлаб туриш учун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги боғлар ва хиёбонларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти ташкил қилинган. Департамент ишчи-ходимлари бригадаларга бўлинган ҳолда шаҳар ҳудудидаги боғларда суғориш, дов-дарахтлар, буталар ва гулларни сақлаш, парвариш қилиш, игнабаргли ва манзарали ўсимликларнинг қимматли турларини сақлаш, ободонлаштириш ишларини амалга оширадилар. Уларнинг саъй-ҳаракати билан Жиззахда илк бор кипарис, гўзал катальпа, бручина каби ўсимликлар кўпайтирилди.
-Асосан Аризона кипариси парваришланди ва уларнинг бўйи 9-10 метрга етиб қолди, – дейди Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги боғлар ва хиёбонларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти раҳбари Зариф Пардаев.- У юқори нафас йўли хасталикларини даволашда фойдали бўлган эфир моддасига бой, кислород ишлаб чиқарувчанлиги юқори. Шу боис Шароф Рашидов хиёбонида ёз ойларида эрта саҳарда ҳар бир арча олдида биттадан болалар аравачаси турганини кўрасиз. Тонгда, ҳали автомобиллар тутуни кам пайтда юқори нафас йўли хасталикларига чалинган болаларни ота-оналар боғга атайин олиб келишади, бундай аравачалар тахминан 100 та бўлади. Демак, ўстирилаётган игнабаргли дарахтларнинг аҳолига фойдаси кўп. Афсуски, ана шундай гўзал ва фойдали дов-дарахтларга зиён етказиш ҳоллари ҳам учраб туради.
Ҳудуд кузатув камералари билан таъминланганига қарамасдан бир неча бор қимматбаҳо дарахтлар шохини синдириш, гулларни топташ, янги гулзорларни пайҳон қилиш каби ҳаракатлар асосан тунда амалга оширилар экан. Боғ ишчилари, шунингдек, чиқинди масаласи ечим топмаётганидан хафаликларини яширишмайди.
-Хиёбонларда санитария талабларига кўра, ҳар 40 метрда биттадан чиқинди қутиси бўлиши лозим, – дейди Шароф Рашидов хиёбони бригада бошлиғи Санжар Ҳусанов. – Биз ҳар 25 метрга урналар жойлаштирганмиз. Шунда ҳам скамейкалар атрофига писта пўчоқ ташлаш, дуч келган ерга егуликлар ўрами, нам сочиқчаларни ташлаб кетишларига тушунмайсан киши. Камига скамейкаларни қириб, расм, ёзувлар чизиб кетиш, газон ўртасига ўриндиқларни кўчириб, ўтларни топташ каби номақбул ишлардан фиғонинг кўкка кўтарилади.
Кейинги пайтларда ободонлаштириш ходимларининг меҳнатини ҳурмат қилишга чақириқлар, тарғиботлар кўпаймоқда. Департамент ходимлари ҳам худди шу ҳамкасблари сингари тиним билмайдилар. Уларнинг иш вақти кунига 7 соат, ҳафтасига 5 кунлик. Аммо хиёбонлардаги “сюрпризлар” сабаб улар дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбур. Чунки “Grand Hotel Uzbekistan” меҳмонхонасига жойлашган сайёҳ тонгда ёки кечқурун айланишга чиққанида писта пўчоқлари, турли чиқиндиларнинг ҳар ерда ётишини кўриб, шаҳримиз ҳақидаги тасаввурлари хиралашиши аниқ. Шу сабаб ҳозирча ана шундай иш тартиби амалда бўлиб турибди.
Бошқа боғларда ҳам деярли шу аҳвол. Тошлоқ маҳалласи ҳудудидаги “Ёшлар боғи”да дов-дарахтларни кўкартириш осон бўлмаяпти. Ҳудуд ўз номи билан тошлоқ. Бунинг устига қимматбаҳо игнабаргли дарахтлар жуда инжиқ, уларни мослаштириш ва ўстириш катта меҳнат талаб қилади. Шунга қарамай яшиллик тоборо кўпайиб бораяпти. Айни шу боғда департамент ташаббуси билан мажнунтол плантацияси ташкил қилинган. Мажнунтол яқин 20 йилда Жиззах шаҳри учун ноёб дарахтга айланган эди. Кейинги 5 йил ичида навниҳол мажнунтоллар кўзни қувнатяпти. Ғаллаорол туманидан келтирилиб, илк бор қаламчасидан кўпайтирилган мажнунтол дарахтлари ҳозир деярли ҳар бир хиёбон ҳудудида учрайди.
Хўш, хиёбонларда, кўча-кўйда вандализм барҳам топиши учун нима қилмоқ керак? Ҳозирча аямай жаримага тортиш самаралидек. Аммо тарғибот, тарбия орқали ҳам ёшларга табиатни асраш – ўзингни асраш эканлигини тушунтириб бориш шарт. Боғ ва хиёбонлар ҳудудига огоҳлантирувчи ёзувлар, таъсирчан чақириқлар илиш, оила ва таълим масканларида экологик тарбияни давомли олиб бориш зарур. “Ягона соғлик” тамойили ҳар қадамда ишлашини, табиатга етказилган ҳар бир зарар ўз соғлигимизга зарар эканлигини таъсирчан тарзда тушунтирмоқ зарур.
Муқаддас САПАРОВА.
С.НОРБЕКОВ (фото)