Аҳоли саломатлигини ошириш, бирлик ва ҳамжиҳатликни тиклашни асосий мақсад қилган “Янги нафас” марафони “”Бир Ватанда, бир вақтда, бир масофада, бир мақсадда бирга югурамиз” шиори остида республикамизда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётир.
Югуриш мусобақаси нафақат аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи намойишини кенг тарғиб қилиш, одамларни бир мақсад атрофида бирлаштириш, жипслаштиришга, балки йилдан йилдан-йилга оммалашиб бораётган саломатлик тадбирларининг даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт, Олий таълим, фан ва инновациялар, мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия қўриқлаш бошқармалари, Миллий Олимпия қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, “O‘zbekneftgaz” АЖ ҳамда енгил атлетика федерацияси ҳамкорликда ўтказган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бу гал Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланди.
Давлатимиз рамзи, фахримиз ва ифтихоримиз бўлган байроғимизнинг 32 йиллиги муносабати билан ташкил этилган 2000 нафардан ортиқ марафон қатнашчилари эрта тонгдан “Сўғдиёна” ўйингоҳи олдида, Алишер Навоий кўчаси узра саф тортишди.
Республикамизнинг 16 та шаҳрида бир вақтда оммавий югуриш мусобақага старт берилди. 3 километрлик оммавий югуришда барча фаолликка интилди. Бироздан сўнг жисмонан чаққон ва энг кучлилар барчадан ўзиб кета бошлади. Ана шундай атлетлар иштирокидаги рақобат Шароф Рашидов кўчаси узра давом этди. Шароф Рашидов ҳиёбонига қадар финишга яқин фақат энг кучлилар сараланиб борди. Натижаларга кўра, эркаклар ўртасида Жиззах Давлат педагогика университети талабаси Шаҳобиддин Абдуқаюмов рақибларини катта фарқ билан ортда қолдириб, финиш чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди. Унинг яқин таъқибчиси Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Аҳроржон Абдувалиев иккинчи, ички ишлар бошқармаси ходими Бегзод Тулиев эса учинчи бўлиб маррага етиб келди.
Мусобақанинг аёллар беллашувида Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўқувчилари Мадина Хўрозова ҳамда Феруза Хайруллаевалар фахрли биринчи ва иккинчи ўринларни банд этишган бўлса, Жиззах шаҳри спорт мактаби ўқувчиси Фаёза Фаррухова шохсупанниг учинчи поғонасидан жой олди.
Паралимпиячилар ўртасида ўз гуруҳларида Собир Эргашев ҳамда Жасмина Хўрозоваларга тенг келадиган рақиб топилмади. Энг ёши улуғ спортчилар номинациясида саксон ёшни қаршилаган Тўлқин Солиев ҳамда Ҳанифа Азимоваларга ташкилотчилар томонидан махсус мукофот топширилди.
Юқори кайфиятда ўтган мусобақа ғолиб ва совриндорлари таъсисчиларнинг диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Катта спорт байрами куй-қўшиқларга уланиб кетди.
Зоир КАЛОНОВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)