ҚОРБОБОЛАР КАРВОНИ ШОДЛИК УЛАШДИ

Юртимизда байрам шукуҳи қор завқи, оппоқ орзулар ила ўзгача тароватда кезмоқда. Бу йилги вилоят марказий байрам арчасининг тантанали очилиш маросими ана шундай оқликка бурканиб, унутилмас лаҳзаларни инъом этди. 

Ёшлар инновацион марказидан старт олган 200 нафардан иборат қорбобо ва қорқиз карвони Талабалар кўчаси бўйлаб кенг жамоатчиликка байрам кайфиятини улашди. Эртаклардагидек ранг-баранг либослардаги гуруҳнинг қувноқ мусиқа садолари остидаги юриши, байрамона безаклар вилоятимиз аҳлини бефарқ қолдирмади. Ёғиб турган қор ҳам тантанага зеб бағишлади. Барчага чинакам янги йил шукуҳини туҳфа этди.

– Бугунги чиқишлар ёшу қарига бирдек шодлик улашди, – дейди сайлда қатнашган Муборак Аҳмедова. – Биз катталар ҳам ўзимизни бир зумга бўлса-да, болаликка қайтгандек ҳис қилдик. Табиат ҳам шодиёнага қарашаётгандек, гўё. Бу завқли лаҳзалардан фарзандларим ҳам баҳра олишсин, деб уларни ҳам тадбирга олиб келдим.

Ҳавонинг совуқлиги арча атрофидаги шодиёнани тарк этишга сабаб бўла олмади. Концерт дастуридан ўрин олган куй-қўшиқлар, пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларда илиқ таассуротларни қолдирди.

Шу куни вилоятимиз туманларида ҳам қорбобо ва қорқиз карвонлари юриши ташкил этилди. Арча атрофида концерт дастурлари бўлиб ўтди. Ҳар бир туманларда 100 нафардан, шаҳарда 200 нафар кам таъминланган оила фарзандларига байрам совғалари топширилди.

Тадбирларда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш навбатчилик қисмлари ташкил этилди. Бундан ташқари, транспортлардаги ҳаракатланиш жараёнлари назоратга олиниб, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланди. 

Шаҳноза МАНСУРОВА.

 

 

 

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *