ЭР-ХОТИННИНГ АЛИМЕНТ МАЖБУРИЯТЛАРИ

Оила нафақат ҳис-туйғулар, балки ўзаро мажбуриятлар устига қурилган муқаддас келишувдир. Шарқона оилада эр — оиланинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоячиси, аёл эса хонадоннинг маънавий ва тарбиявий устуни саналади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида белгиланганидек, эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Бу мажбуриятлар фақат моддий таъминот билан чекланиб қолмай, балки ўзаро ёрдам бериш, оила шаънини асраш ва фарзандлар тарбияси учун биргаликда жавобгар бўлишни ҳам ўз ичига олади.

Кўпинча алимент деганда фақат фарзандлар таъминоти тушунилади. Бироқ, қонунчиликка кўра, турмуш ўртоқнинг ҳам бир-биридан моддий таъминот (алимент) талаб қилиш ҳуқуқи бор. Бу — инсон қадрини улуғлаш, қийин аҳволда қолган яқин инсонини қўллашнинг ҳуқуқий кафолатидир. Бу маблағ шунчаки рақамлар эмас, балки вақтида айтилган аҳдга содиқлик, масъулият ва одамийлик имтиҳонидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасига кўра, Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.

Ўзбекистон Республикасининг “Оила кодекси”нинг 117-моддасига мувофиқ, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан эътиборан уч йил давомида, ўртадаги ногиронлиги бўлган болани у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар парваришлашни ёки болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган ўртадаги болани парваришлашни амалга оширган, ёрдамга муҳтож бўлган эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотиндан (эрдан) суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.

Фарзандларнинг таъминоти ҳам ота-онанинг энг асосий бурчларидан биридир. Болалар вояга етгунига қадар уларнинг таълим-тарбияси, саломатлиги, кийим-кечаги ва бошқа эҳтиёжларини қондириш ота-онанинг зиммасига юклатилган. Шу билан бирга, алимент фақат пул кўринишида эмас, балки моддий ёрдам, таълим ва тарбия жараёнида иштирок этиш орқали ҳам амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси 1-қисмига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, оилавий низоларнинг аксарияти эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги, оиладаги моддий масалалардан, ўзаро ҳурматнинг етишмаслигидан келиб чиқади. Шундай вазиятларда низоларни кескинлашиб кетишига йўл қўймаслик, уларни тинч йўл билан ҳал қилиш оила мустаҳкамлиги учун муҳим аҳамиятга эга.

Мақоламиз якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нафақат давлат раҳбари, балки ҳаётий тажрибага эга ота сифатида айтган ушбу теран фикрларини ёдга олиш ўринлидир: “Оила – халқимизнинг энг азиз қадрияти, миллий тарбия мактабидир. Оилада тинчлик, тотувлик ва меҳр-оқибат ҳукм сурса, фарзандларимиз ҳам баркамол бўлиб улғаяди”. Бунинг замирида олам-олам маъно мужассам. Зеро, давлатнинг қудрати ҳам, жамиятнинг равнақи ҳам ҳар бир хонадондаги соғлом муҳит, ўзаро ҳурмат ва масъулият туйғусига бориб тақалади.

М.Саидмуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича

Жиззах туманлараро суди судьяси 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *