“103” ХИЗМАТИ ЭШИТАДИ”

Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах филиалида хизматларни рақамлаштириш орқали тезкорлик, шаффофлик ва самарадорлик ошмоқда. Мурожаатни қабул қилишдан тортиб, тезкор бригадаларнинг чақирув манзилига етиб бориш вақти кескин қисқарди. Натижада фуқароларга ўз номи билан тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга  эришилаяпти.

Тизимда Metadata-2 дастури маҳаллийлаштирилиб, электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилиши ҳисобига бригадаларнинг чақирувга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқарди. Мурожаатни қабул қилишдан то бригаданинг йўлга чиқиш муддати эса ҳаттоки 1 дақиқани ташкил этаяпти. Булар оғир ҳолатларда фуқаролар ҳаётини сақлаб қолишда жуда катта аҳамиятга эга рақамлардир. Рақамлаштириш натижасида бутун жараён – мурожаатчининг овозли хабари, беморга қўйилган ташхис ва берилган дори воситаси номи каби маълумотлар сақланиб, уларни онлайн тарзда кўриш имконияти яратилди. Яқинда Yandex платформаси билан ҳамкорликда оғир реанимацион турдаги беморларга тез ёрдам кўрсатиш вақти, масофани онлайн кузатиб туриш имкониятии яратилди. 

Филиалда ҳайдовчи, ҳамшира, шифокордан иборат 3250 нафар ходим 124 та гуруҳда фаолият олиб бормоқда. Вилоят бўйича 70 та бинода жойлашган тез тиббий ёрдам бўлимлари бир дақиқа ҳам алоқа, ёқилғи ва электр токисиз қолдирилмайди. Чунки мурожаатлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бир кунда ўртача 2500 та мурожаат билан ишланса, мавсумий касалликлар авж олган даврларда чақириқлар 3800 тага ҳам етади. Умуман, 2025 йилда Жиззах вилоятида “Тез ёрдам”га 561 894 та мурожаат келиб тушган.

-Сўнгги йилларда хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш, уни замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш, соҳа амалиётига илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бундай янгиланишлар беморларга шифохонагача бўлган биринчи ёрдамни халқаро андозаларга мос тарзда кўрсатиш имконини бермоқда, -дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах филиали директори вазифасини бажарувчи Жамшид Имомов. – Шифокорлар планшет билан таъминланди, “тез ёрдам” бўлимидаги ҳар бир жараённи камера орқали кузатиш имкони яратилди. Масалан, чақирув ҳақидаги хабар тезкор бригадага келиб тушган маҳал хизмат ходими чой ичиб турган бўлса, уни бемалол ичишда давом этиши онлайн кузатув орқали қоидабузарлик сифатида баҳоланади ва ходимга чора кўрилади. Инсон омили бутунлай йўқолиб, автоматик бошқарув тизими шакллантирилди. “Автогараж” ва “Дорихона” модули орқали дори-дармон ва автоуловлар таъмири, амортизацияси учун кетган харжатлар шаффофлашди. Умуман, тизимни тўлиқ рақамлаштириш орқали қоғоз сарфи 90 фоизга қисқарди. Агар бу кўрсаткични маҳсулотга айлантирсак, 10 тонна қоғоз тежаб қолинди.

Филиалда айни вақтда 10 та Ford, 2 та Volkswagen  русумли тез тиббий ёрдам техникалари мавжуд. Жорий йилда олис ва тоғли туман бўлимлари учун 8 та йўлтанламас автомашина келтирилади. Филиалда фуқаролар учун яна бир қулайлик яратилди: кечаю кундуз ишлайдиган иккита пост ташкил қилиниб, “103”га қўнғироқ қилган ҳолда шифокор маслаҳати олиш имконияти йўлга қўйилди. Айни кунда филиал ходимлари ҳам Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирида фаол қатнашишмоқда.

Муқаддас САПАРОВА.
Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *