“СЎҒДИЁНА” БУ ГАЛ ИШОНЧНИ ОҚЛАЙДИМИ?

Воҳамизнинг бош жамоаси “Сўғдиёна” учун ўтган йилги мавсум кутилганидек кечмади. “Бўрилар” мавсум бошиданоқ кетма-кет учта мағлубиятни қабул қилиб, мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилди. Мураббийнинг тузукроқ ўйин услуби кўринмаслиги оқибатида жамоанинг барқарор йўналишга тушиб олиши қийин бўлди. Ҳатто ёзги трансферлар ойнасида харид қилинган футболчилар ҳам самарали натижани таъминлай олганлари йўқ. Муҳим ўйинлар давомида катта устунликка эришилишига қарамай, буни доим ҳам таблода акс эттиришнинг иложи бўлмади. Қисқа қилиб айтганда, яратилган вазиятларни голга айлантира олмаслик Иван Бошкович жамоасининг асосий камчилиги сифатида намоён бўлди. Якунда вилоятимиз байроқдори Суперлига турнир жадвалида саккизинчи ўрин билан кифояланди холос.

Янги 2026 йилги мавсумдан эса футболга бефарқ бўлмаган жиззахлик мухлису мутахассисларнинг умиди катта. Черногориялик мутахассис жамоани янги босқичга олиб чиқишга астойдил интилмоқда. Бу йўлда клубнинг қишки трансфер ойнасидаги фаоллигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Клуб матбуот котиби Ойбек Сапарбоевнинг маълумот беришича, таркибга сербиялик тажрибали ҳужумчи Фейсал Мулич қўшиб олинган. Ушбу футболчи бунга қадар Франция, Исроил, Хорватия ва Жанубий Корея чемпионатларида тўп тепган. Унинг тажрибаси ва гол уриш маҳорати жамоа ҳужум чизиғини сезиларли даражада кучайтириши кутиляпти. Шунингдек, черногориялик тажрибали футболчи Александр Болжевич билан ҳам келишувга эришилди. У фаолияти давомида “Зета” (Черногория), “ПСВ” (Нидерландия), “Эйпен” (Бельгия), АПОЭЛ (Кипр) ҳамда “Железничар” (Босния ва Герцеговина) жамоаларидаги ўйинлари билан танилган. Болжевич Черногория миллий терма жамоаси сафида 26 та учрашувда иштирок этиб, 2 та гол муаллифи бўлган. Футболчи энди Жиззах клубида ҳам барқарорлик кўрсатишга ҳаракат қилади.  Бундан ташқари, сербиялик дарвозабон Никола Миркович ҳам жамоа сафига қўшилди. Европа клубларида катта тажриба орттирган посбоннинг келиши “Сўғдиёна” дарвозасини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Никола янги жамоаси сафига келиб қўшилгач, миллий футболимиз ҳақида илиқ фикрлар билдирди: “Ўзбекистон футболи ҳақида илгари эшитганман. Мамлакат терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиққани катта натижа. Ўзбек футболи жуда тез ривожланмоқда. Шунинг учун бу қароримдан ҳеч ҳам афсусланмайман”. Шунингдек, “бўрилар” ўз сафини “Бунёдкор”дан ҳимоячи Абдулазиз Абдурашидов, ярим ҳимоячилар Тоҳир Тўхтасинов ҳамда Оллоберган Каримов, “Андижон”дан эса ҳужумчи Отабек Жўрақўзиев билан тўлдирди. Ўтган мавсум “Сўғдиёна” шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Шоҳруҳ Исоқов, ҳимоячилар Ислом Қобилов, Зоир Жўрабоев ҳамда ярим ҳимоячи Суҳроб Иззатов билан шартномалар 2026 йил охирига қадар узайтирилди. Жамоа шарафини узоқ йиллар ҳимоя қилган дарвозабон Милан Митрович билан клуб дўстона тарзда хайрлашди.

Умуман олганда, “Сўғдиёна” янги мавсумда совринли ўринлар учун курашга жиддий бел боғлаганини харид қилинган футболчиларнинг даражасидан ҳам билиб олиш мумкин. Жамоа тажрибали ва ёш футболчилар маҳоратини уйғунлаштирган ҳолда янги тактик имконият ва ёндашувларни синовдан ўтказади. Клубнинг янги мавсумга тайёргарлик жараёни икки босқичдан иборат. Қишки йиғиннинг дастлабки босқичи жорий йил 10 январдан 20 январга қадар Жиззах шаҳрида ўтказилди. Бу даврда жамоанинг жисмоний ва руҳий ҳолатини тиклаш, янги футболчиларнинг жамоага тезроқ мослашиб олишлари учун асосий эътибор қаратилди.

Йиғинларнинг иккинчи қисмини Иван Бошкович бошчилигидаги жамоамиз Туркиянинг Анталия шаҳрида олиб борди. Бу ерда нафақат хорижлик рақиблар даражаси ўрганилди, шунингдек, таркибда кучли рақобат муҳитини шакллантириш ва янги жалб этилган футболчилар маҳоратини синовдан ўтказиш учун ҳам етарли имконият туғилди. Халқаро миқёсдаги ўртоқлик учрашувлари доирасида жиззахликлар  Сербиянинг “Спартак Суботица”, Жанубий Кореянинг “Гонгшон”, Шимолий Македониянинг “Силекс” ва Россиянинг “Челябинск” клубларига қарши муҳим баҳсларда майдонга тушишди. “Сўғдиёна” ушбу ўйинлардан атиги биттасида ғалаба қозонган бўлса, бир учрашувда дуранг ва қолган икки баҳсда мағлубият қайд этилди. Тўғри, натижалар у қадар ижобий тус олмагандир, бироқ Бошкович шакллантираётган янги жамоада бирдамлик, интизом ва янги футболчиларнинг ўзини намоён этишга бўлган иштиёқини илғаш қийин эмас. Баҳсларнинг асосан ҳимоявий ва юқори тартиб-интизом остига қурилгани алоҳида ижобий ҳолат сифатида қайд этилади, аммо ҳужумларни якунлаш ҳамда тўп узатишлар чоғидаги камчиликлар устида ҳали ишлаш керак. Шуни унутмаслик керакки, қишки йиғинлар давридаги ўртоқлик учрашувларида натижадан ҳам кўра кўпроқ таркиб танлашдаги турли ёндашувлар, футболчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва хориж тажрибаси ўрганилди. Бу эса жамоага янги мавсум олдидан асқотадиган энг керакли омилдир.

Севимли жамоамиз Туркиядаги тайёргарлик йиғинларини 20 февралга қадар давом эттиришни режалаштирган ва бир нечта назорат баҳсларида майдонга чиқади. Демак, ҳали хатолардан керакли хулосалар чиқариб, ўйинни мукаммаллаштириш ва Суперлигада ишончли старт олиш учун имкониятлар етарли. Биз вилоятимизнинг бош жамоасига янги мавсум олдидан улкан ғалабалар тилаб қоламиз.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *