БУҒДОЙ ҲАМ КАСАЛЛАНАДИ

Республикамизда ғалла экинларига ўндан ортиқ турдаги касалликлар зарар етказади. Жумладан, қўнғир занг, сариқзанг, ун шудринг, сариқ доғланиш, септориоз, бошоқ фузариози, чанг қоракуя, қаттиқ қоракуя, илдиз чириш ҳамда қор ости моғорланиш касалликлари шулар жумласидандир. Ушбу касалликлар дон ҳосили васифатининг пасайишига жиддий таъсир кўрсатади.
Қўнғир занг буғдойнинг энг хавфли касалликларидан бири ҳисобланади. Агар буғдой гуллаш даврида 40–80 фоизгача қўнғир занг билан касалланса, ҳосил 25–30 фоизгача камаяди. Бошоқ чиқариш даврида зарарланиш кузатилса, йўқотиш 40–50 фоизгача етиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +2ºС даражадан бошлаб касаллик ривожлана бошлайди. Ҳарорат 15–23ºС, нисбий намлик 65–70 фоизни ташкил этганда касалликнинг тарқалиши учун энг қулай шароит юзага келади. Касаллик белгилари ёввойи сули, буғдойиқ, райграс каби бегона ўтлар ҳамда ғалла баргларида думалоқ, сарғиш-қўнғир рангли чангли ёстиқчалар кўринишида намоён бўлади. Улардаги споралар шамол, техника воситалари орқали бошқа ўсимликларга тарқалиб, қулай об-ҳаво шароитида тез ёйилади.
Сариқ занг ҳам ғалла учун катта хавф туғдиради. Агар касаллик дон тўлиш даврида пайдо бўлса, ҳосил 5–10 фоиздан 30–35 фоизгача йўқотилиши мумкин. Байроқ барг чиқариш даврида 50–60 фоиз зарарланиш кузатилса, дон ҳосили 45–50 фоизгача камаяди. Сариқ занг споралари 0ºС ҳароратдаёқ ривожлана бошлайди, унинг авж олиши учун 12–23ºС энг мақбул ҳарорат ҳисобланади. Касаллик дастлаб бошоқли бегона ўтлар ва экинлар баргларида узун, қатор жойлашган сариқ ёстиқчалар шаклида пайдо бўлади. Кейинчалик бутун барг юзаси занг билан қопланади. Натижада баргда модда алмашинуви издан чиқиб, дон тўлиқ шаклланмайди.
Ун шудринг касаллиги майсалар баргларида оқ ғубор кўринишида бошланади. Кейинчалик пахтасимон доғ қават ҳосил қилади. Ёғингарчилик кўп бўлиб, нисбий намлик 90–99 фоизга етганда ва ҳаво ҳарорати 15–20ºС бўлганда касаллик жадал ривожланади. Касалланган баргларда замбуруғли қатлам қалинлашиб, кулранг ёки сарғиш-кулранг бўртмачалар ҳосил қилади. Касаллик тарқалиш даражасига қараб ҳосилдорлик 2–3 фоиздан 20–25 фоизгача камайиши мумкин.
Сариқ доғланиш касаллиги буғдой баргларида кичик, думалоқ, сарғиш-қўнғир доғлар пайдо бўлиши билан бошланади. Кейинчалик улар йириклашиб, барг юзасида кенг тарқалади. Ҳавода нисбий намлик 100 фоиз, ҳарорат 20–25ºС бўлганда замбуруғлар тез ривожланиб, майсаларга кучли зарар етказади. Касаллик эрта босқичда тарқалса, ҳосилдорлик 20–40 фоизгача пасайиши мумкин.
Ғалла ҳосилини сақлаб қолишда касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва тегишли фитосанитар чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

 
Дилмурод Кунаров,

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси
Арнасой тумани бўлими фитосанитар
назорати давлат инспектори.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *