ТАДБИРКОР ВА СОЛИҚЧИ — ЮЗМА-ЮЗ

Вилоятимизнинг барча ҳудудларида солиқ органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Жиззах шаҳри ва Мирзачўл туманида ўтказилган очиқ мулоқотлар тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилди.

Жиззах шаҳридаги «Ором» буюм бозорида вилоят солиқ бошқармасининг шахсий хавфсизлик бўлими давлат солиқ бош инспектори Рустам Ходжаев 150 нафарга яқин тадбиркор очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда асосий эътибор тизимда таъмагирликнинг олдини олишга қаратилди. Тадбиркорларга солиқ органлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш имконини берувчи ишонч телефонлари ва телеграм-ботлар маълум қилинди. Эндиликда ҳар бир мурожаат фақат қоғозда эмас, балки қатъий назорат қилинувчи электрон тизимда қайд этиладиган бўлди.

Мазкур ташаббус Мирзачўл туманида ҳам муносиб давом эттирилди. Туман солиқ инспекциясида ўтказилган профилактик тадбирда дастлаб ходимларнинг масъулияти ва коррупциядан холи тизим яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шундан сўнг, мирзачўллик тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот ташкил этилди.

Учрашув якунида тадбиркорларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган махсус буклетлар ҳамда зарурий қўлланмалар тарқатилди.

Бу каби тадбирлар ҳудудда тадбиркорлик муҳитини янада соғломлаштириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *