РАМАЗОН — ШУКРОНАЛИК ОЙИ

Жорий йил 16-февралда муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Унда “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш, муқаддас жойларни обод этиш, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш кўрсатиб ўтилиб, фуқаролар фаровонлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ҳурматли Президентимиз 2026 йил 16-февраль куни Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига қаратилган йиғилиш ўтказди. Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилишда Муборак Рамазон ойида нуронийлар, ёлғиз ва муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш, эзгу қадрият эканини таъкидлади. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун “ВАҚФ” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилди. Бу ажратилган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниши ва жарроҳлик амалиётларини қоплаб бериш кўзда тутилган.

Жиззах шаҳридаги Алишер Навоий номли маҳалла мисолида айтадиган бўлсам, маҳалламизда ижтимоий реестрда турган давлат таъминотидаги 31 та оилага бир марталик 1 (бир) миллион сўмдан, эҳтиёжманд 55 та оилага 500 минг сўмдан ҳамда маҳалла томонидан кўрсатилган кам таъминланган 7 та оилага 500 мингдан маблағ ажратилди. Бу маблағлар фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, тенг ва адолатли тарзда етказилди.

Рамазон бир неча асрлик диний қадриятларимиздандир. Ахир бир пайтлар Рамазонни бу даражада кутиш хаёлимизга ҳам келмаган эди. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида динимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз тақиқланиб, қанча тарихий обидалар, зиёратгоҳларимиз ташландиқ ҳолга келиб қолган эди. Бугун эса мана шундай фаровон, қадриятларимиз қадрланадиган даврда яшаяпмиз. Ҳурматли Президентимиз Рамазонни ҳам ибодат, ҳам меҳр-мурувват ойига айлантириб бердилар. Қаранг, бу йил таровеҳда республикамиз бўйича 1760 та масжидимизда хатми Қуръон янграр экан. Бу нима дегани? Бу Қуръонни бошидан охиригача намозда, таровеҳда туриб ўқиш, тинглаш имконияти дегани. Аслида бу ҳам муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари экан, бу ҳолатни кўрган эшитган дунё уламолари ҳайрат ва ҳавас билан “Ахир бу ер Имом Бухорийнинг юрти-да!” – дейишар экан.

Биз бугун шукроналик билан қандай замонда ва шароитда яшаяпмиз! Бундан 5-6 йил илгари Ўзбекистонга Афғонистондан келган ҳарбий делегациянинг бир вакили меҳмонхонада тунаб чиққанидан сўнг, ундан “Яхши ётиб турдингизми? “,  деб сўраганларида, у  “Раҳмат яхши дам олдим, мен 20 йилдан бери ҳарбий хизматчи сифатида уйимизда, оиламиз билан ётганда ёстиғимни тагига тўппончамни қўйиб ётаман, фарзандларим мактабга кетса, соғ-саломат уйга қайтиб келишини хавотир билан кутаман. Сизларга мана шундай шароитни яратиб берган Президентингизга раҳмат”, деган экан. Бундан зиёд баҳо бўладими?

Рамазон, бу Аллоҳнинг раҳмати ёғиладиган ой, айниқса, унда саҳарлигу ифторлик пайтларида дуолар мустажоб бўларкан, қилинаётган хайрли ишларни, яхшиликларни тилга олиб дуо қилиш лозим экан. Шунинг учун нуронийларимиз, ҳожи отахон ва онахонларимиз, дуогўйларимиз қайси бир маърака ёки маросимларда бўлмасин, кафтларини очиб, “Мана шундай жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин, мустақиллигимиз абадий бўлсин, Юртбошимиз омон бўлсин, умрлари узоқ бўлсин”, деб юзларига фотиҳа оладилар. Ўтаётган муборак ой кутганимиздан-да файзли, мурувват ва саховат ойи бўлсин.

Мурод Шарипов,

Жиззах шаҳар, Алишер Навоий

маҳалласининг “Кексалар гуруҳи” раиси,  

меҳнат фахрийси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *