Вилоятимизда пиллачилик соҳасини кенгайтириш, тармоқ самарадорлигини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида 2026 йилда салмоқли ютуқларга эришилди.
“Жиззах тажрибаси” асосида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ўнта туманда 70 та замонавий қуртхоналар барпо этилди. Бу лойиҳа уй бекалари учун яшаш жойидан узоқлашмаган ҳолда қўшимча даромад топиш имкониятини яратди. Пилла парваришида “Маҳаллабай” ишлаш тизими янги босқичга олиб чиқилди.
Жорий йилда вилоятимизда 16699 қути ипак қурти уруғини боқиш режалаштирилганди. Вилоят ҳокимининг топшириғи билан қўшимча 5100 қути жами 22100 қути ипак қурти уруғи муваффақиятли парвариш қилинди. Соҳадаги фидокорона меҳнат самараси ўлароқ жами 1326 тонна сифатли пилла хом ашёси тайёрланиб, давлатга топширилди.
Ипак қурти парвариши соҳасида 40490 нафар хотин-қизнинг пилла боқиш орқали мавсумий бандлиги таъминланиб, даромад олишига кўмаклашилди.
Вилоятимизнинг пилла хирмонига Пахтакор, Шароф Рашидов, Дўстлик, Зарбдор, Бахмал, Ғаллаорол, Зафаробод тумани кумуш тола ижодкорлари салмоқли ҳисса қўшди.
—Туманимиз пиллакорлари вилоятда биринчи бўлиб шартномавий режани адо этди,—дейди “PAXTAKOR IPAK KLASTERI” МЧЖ раҳбари Ғулом Бурлиев. —183 тоннадан ортиқ сифатли хом ашё йиғиштириб олинди. Об-ҳавонинг қулай келиши, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилгани якуний натижаларнинг юқори бўлишига хизмат қилди.
Дўстлик тумани Саритепа маҳалласида истиқомат қилувчи касаначи Махфуза Мардумарова шундай деди:
—Ҳар йили ипак қурти парваришлаб келаман, тажрибаларимизни ёш келин, жувонларга ўргатаяпмиз. Бу йил маслаҳатлашиб, овсинлар, яқин қариндошлар, қўшнилардан иборат олти нафар хотин-қиз 25 қути ипак қуртини боқишга келишиб олдик. Қисқа давр бўлсада, ипак қурти боқишнинг ҳам ўзига хос машаққатлари бор. Бу ишларда нафақат аёллар, турмуш ўртоқларимиз, фарзандларимиз, келинларимиз ҳам камарбаста бўлишди. Тўғрисини айтсам, бугун ипак қурти боқаман дейдиганлар сафи кенгайиб бормоқда. Чунки пиллакорларимиз ҳар доимгидан ҳам кўп даромад олишаяпти. Бу йилги пилла мавсумида 80 миллион сўм даромад олдик. Соҳадаги ислоҳотлар натижасида пиллачиликка эътибор ошиб, хотин-қизлар бандлиги таъминланаяпти. Давлатимиз раҳбарининг тизимга эътибори ва пиллакорларни қўллаб-қувватлаётгани, солиқлардан озод этилишимиз, иш стажи ёзилаётгани ва энг асосийси манфаатдорлик ошганини барчамиз ҳис қилаяпмиз.
Умуман жорий йилда пиллачиликда кунлик сўров тизими жорий қилинди. Ипак қурти уруғини тарқатишдан, то териб олишгача бўлган ишлар устидан кундалик мониторинг тизими йўлга қўйилди. Ўтган йили кўп йиллардан буён кесилмаган тут дарахтларини ёшартириш учун кесиш ишлари амалга оширилди ва пиллачиликнинг озуқа базаси мустаҳкамлаб борилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки вилоят ҳокимининг ташаббуси билан энг юқори натижадорликка эришган хонадон эгаси, энг кўп пилла тоширган маҳалла раиси, энг кўп пилла қуртини етиштирган марказлашган қуртхона раҳбари, энг кўп пилла ҳосилини етиштирган фермер ва энг кўп пилла ҳосилини топширган туман раҳбари номинациялари бўйича 5 та йўналишда танлов эълон қилиниб, илғор пиллакорларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди.
Вилоят комиссияси томонидан аниқланган танлов ғолибларига автомашиналар, пул мукофотлари, қимматбаҳо маиший техника воситалари ҳамда ошхона, мебель, компьютер жамламалари топширилиши белгиланган.
Зоир КАЛОНОВ.