Жорий йилнинг 7 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида соғлом турмуш тарзи тарғиботини аввало, давлат органлари ва идоралар ходимларидан бошлаш кераклигига урғу берилганди. Шунга мувофиқ, бошқарма ва ташкилотларда ҳафтанинг бир куни “Спорт куни” дея белгиланиб, меҳнат жамоалари аъзоларининг жисмоний фаоллигини босқичма-босқич оширишга эътибор қаратиляпти. Хусусан, оммавий спорт маданиятини юксалтириш бўйича вилоятимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳам эътиборга молик.

Жума куни эрта тонгдан Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси” майдони кенг жамоатчилик вакиллари, спортга бефарқ бўлмаган хотин-қизлар ва ёшлар билан гавжум бўлди. Бу ерда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгашлари билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида оммавий веломарафон ташкил этилди. Ушбу мусобақада 18-60 ёш оралиғидаги 300 нафардан зиёд давлат муассасаси ходимлари, ҳаваскор қизлар ва уй бекалари учта ёш тоифаси бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди. Қизғин беллашувлар давомида иштирокчиларнинг кайфиятида кўтаринкилик, ҳаракатида шижоат намоён бўлди. Айниқса, дўстона ва соғлом рақобат муҳитининг юзага келгани баҳсларга бўлган қизиқишни янада оширди.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Назира Мухторова ҳамда Гулчеҳра Тажибаева, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг вилоят кенгаши раиси Дилшод Мирзамуҳаммедов ва Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши раиси Акрам Раҳмонқуловлар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар юртимизда хотин-қизларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилаётган кенг имкониятлар, оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида гапирдилар. Бундай тадбирлар аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг иш самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).