Жиззах гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда “Жасорат мактаби”нинг 3-мавсуми якунланди. Лойиҳа ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда интизом, масъулият ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
10 кун давом этган йиғинда ишсиз, “Ёшлар дафтари” ва пробация ҳисобида турувчи 100 нафар иштирокчи ҳарбий тайёргарлик, жисмоний чиниқиш, саф машқлари, бирламчи ҳарбий билим ва замонавий касбий кўникмаларни эгаллашди. Шунингдек, ёшларда жамоада ишлаш, етакчилик ва турли вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Лойиҳанинг ёпилиш маросимида ҳарбий қисм қўмондонлиги масъуллари, вилоят ИИБ, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи вакиллари ҳамда ота-оналар қатнашди. Иштирокчиларга танлаган йўналишлари бўйича сертификатлар топширилди. Шунингдек, “Ҳарбий эстафета”, “Миллий кураш”, “Волейбол” ва “Заковат” мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига ташкилотчилар томонидан кубок, диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Тарбияланувчилар қалбида миллий ғурур ва фидойилик туйғулари жўш урди.
С.ЮСУПОВ.