Меҳнат низоларини судларда кўриш амалиёти шуни кўрсатадики, меҳнат шартномасини бекор қилишда ходим ҳуқуқларининг бузилиши энг кўп учрайдиган ҳолатлардан биридир. Меҳнат кодекси ходимни иш берувчининг асоссиз қарорларидан ҳимоя қилишнинг кучли ҳуқуқий механизмларини жорий этилган. Хусусан, низоларни кўришда исботлаш мажбуриятининг иш берувчи зиммасига юклатилиши адолатни таъминлашнинг бош мезонига айланди. Бу эса меҳнат муносабатларида тарафлар тенглигини таъминлаш билан бирга, иш берувчиларни ҳар бир қарорни қабул қилишда масъулиятли бўлишга ундайди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 155-моддаси меҳнат шартномасини бекор қилишнинг энг муҳим умумий қоидалари ва асосларини белгилаб беради.
Қонунга кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:
1) тарафларнинг келишуви;
2) меҳнат шартномаси муддатининг тугаши;
3) меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш;
4) меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш;
5) ташкилот мулкдорининг алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши;
6) ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши;
7) ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши;
8) ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда;
9) тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар;
10) янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиш;
11) ушбу Кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар.
Суд амалиётида энг кўп учрайдиган ва энг низоли ҳолат — бу айнан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 165-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда ходимни олдиндан огоҳлантиришнинг аниқ муддатлари ва мажбурий тартибига риоя қилиш қатъиян шартдир. Қонунчиликда шартномани бекор қилиш асосларига қараб қуйидаги қонуний огоҳлантириш муддатлари белгиланган:
Камида икки ой олдин — ташкилот тугатилганда ёки ходимлар сони (штати) қисқартирилганда (МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 1 ва 2-бандлари);
Камида икки ҳафта олдин — ходимнинг малакаси етарли бўлмагани сабабли бажараётган ишига нолойиқлиги аниқланганда (МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 3-банди);
Камида уч кун олдин — ходим ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузган тақдирда (МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандлари).
Қонунчиликка мувофиқ, қуйидаги қатъий белгиланган ҳолатларда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш қатъиян тақиқланади:
Меҳнат кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилмаган асослар бўйича;
Кодекснинг меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш талабини бузадиган;
ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврларида, у меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган таътилларда бўлган даврларда;
ходим давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ишдан озод этилган даврда;
ходим хизмат сафарида бўлган даврда;
ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача боласи бўлган ходимлар учун кафолатлар беришни назарда тутадиган талабларга риоя қилмасдан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади.
Зеро, меҳнат соҳасида қонун талабларига риоя этилиши нафақат фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлайди, балки корхона ва ташкилотларда соғлом ишчи муҳитини ҳамда барқарор ривожланишни кафолатлайди.
М.Саидмуродов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах туманлараро суди судьяси.