ЖИЗЗАХДА “РАҚАМЛИ ҲУКУМАТ” ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Президентимизнинг 2026 йил 8 июлдаги «Рақамли ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳудудларда «Рақамли ҳокимлик» тизими ҳамда ҳокимликлар ҳузурида Ситуацион марказлар ташкил этилмоқда.

Ситуацион марказнинг асосий вазифаси турли идоралар томонидан яратилган ахборот тизимларини ягона платформадан бошқариш, маълумотларни интеграция қилиш ва улар асосида тезкор бошқарув қарорларини қабул қилишдан иборат.

Вилоятимизда ҳам мазкур йўналишдаги ишлар изчиллик билан олиб борилаётир.

Жиззах шаҳар ҳокимлигида ташкил топган Рақамли бошқарув ва таҳлил марказида ўтказилган матбуот анжуманида “Рақамли ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида сўз борди.

 Йиғилишда Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Тадбир давомида вилоятда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини ягона платформавий ёндашув асосида ривожлантириш, идоралараро интеграцияни кенгайтириш ва рақамли хизматларни ҳаётга кенг татбиқ этиш бўйича мувофиқлаштирилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Бундай марказлар, энг аввало, ҳар қандай муаммога тезкор муносабат билдириш имкониятини яратади, – дейди ўз нутқида ҳоким. – Шу билан бирга, қайси соҳада рақамлаштириш юқори даражада экани, қайси идораларда эса бу жараён ҳали етарли эмаслиги ҳам аниқ кўринади. Масалан, электр энергияси соҳасида рақамлаштириш анча юқори даражага чиққан бўлса, сув таъминоти соҳасида бу жараён ҳали тўлиқ шаклланмагани маълум бўлмоқда.

Комил Холмуродовнинг маълум қилишича, замонавий бошқарувда аҳоли иштирокини таъминлаш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда «Халқ назорати» электрон платформаси ишга туширилиши кўзда тутилган. Ушбу дастур орқали ҳар бир фуқаро кўчада учраган муаммони — йўлнинг бузилиши, чиқинди тўпланиши, электр энергияси ёки табиий газдаги узилиш, сув таъминотидаги носозлик ёки бошқа камчиликларни мобил телефон орқали суратга олиб тизимга юбориши мумкин.

Мурожаат юборилганда унинг геолокацияси автоматик равишда аниқланади ва тегишли ташкилотга йўналтирилади. Тизимда ҳар бир мурожаатнинг ижро ҳолати реал вақт режимида назорат қилинади.

Йиғилишда таъкидланишича, дастурнинг пилот босқичидаёқ бир куннинг ўзида тизим орқали 279 та мурожаат қабул қилинган. Улардан 52,7 фоизи ижобий ҳал этилган бўлса, қарийб 39 фоизида ижро муддати бузилгани аниқланган. Бу рақамлар бир томондан тизимнинг самарали ишлаётганини кўрсатса, иккинчи томондан масъул ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлигини ҳам намоён этмоқда.

Ҳозирда вилоят бўйича мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 5 миллиард 452,7 миллион сўм бўлиб, ушбу маблағлар қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, марказларни замонавий техника ва ахборот технологиялари билан жиҳозлаш ҳамда рақамли бошқарув инфратузилмасини шакллантиришга йўналтирилган.

Айни пайтда Жиззах шаҳри, Бахмал, Зарбдор ва Зафаробод туманларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари тўлиқ якунланган. Арнасой, Шароф Рашидов, Мирзачўл, Фориш ва Янгиобод туманларида қурилиш ишларининг 50 фоизи бажарилган бўлса, Дўстлик, Ғаллаорол, Зомин ва Пахтакор туманларида ишлар 25 фоиз даражасида амалга оширилган.

Йиғилиш якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *